Сурхондарёлик амалдор фуқароларни пахта теримига мажбурлагани учун жаримага тортилди

aa.com.tr сайти фотосурати

Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Меҳнат вазирлиги) Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари фуқароларни пахта теримига мажбурлагани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Мансабдор шахс 20,6 миллион сўм (1650 доллар) миқдорида жаримага тортилди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, вазирлик ходимлари ижтимоий тармоқларда тарқалган мажбурий меҳнатга оид маълумотларга муносабат билдирган. Нашрларда ёзилишича, ҳоким ўринбосари маҳалла фаолларига «даладаги теримни бир кунда ҳал қилиш» учун беш-ўн нафар фуқарони пахта теримига жалб этиш вазифасини берган. Агар топшириқ бажарилмаса, амалдор уларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилган.

Вазирлик томонидан текширув ўтказилганда юқоридаги ҳолатлар тасдиқланган, туман ҳокимлиги ходимига базавий ҳисоблар миқдорининг 50 баравари — 20,6 миллион сўм миқдорида жарима солинган. Жарима Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси («Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш») асосида қўлланилган. Бундан ташқари, мазкур жарима минимал ҳисобланади, бундай ҳуқуқбузарлик учун максимал 100 БҲМ кўзда тутилган.

Шунингдек, вадирлик республикада мажбурий меҳнат Меҳнат кодексининг 5-моддаси билан тақиқланганлигини эслатади. Агар фуқаролар бундай ҳодисага дуч келса, улар дарҳол Меҳнат вазирлигининг ишонч телефонига хабар беришлари лозим.

ℹ️ Мажбурий пахта терими Ўзбекистонда ўнлаб йиллар давомида қўлланилган. Унга бюджет ва хусусий ташкилотлар ходимлари, талаба ва мактаб ўқувчилари кенг жалб этилган. 2000 йиллар ўрталарида Cotton Campaign ташкилоти Uzbek Cotton Pledge акциясини ни ташкил қилган, унга 300 га яқин кийим-кечак брендлари қўшилган. Улар ўзбек пахтасидан мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунга қадар фойдаланмасликка ваъда беришган.

Аммо сўнгги йилларда республикада бу борада катта ютуқларга эришилгани халқаро экспертлар томонидан қайд этилган. 2022 йил март ойида Cotton Campaign ўзбек пахтасига нисбатан бойкотини бекор қилди. Ўша йилнинг кузида Қўшма Штатлар ушбу турдаги хом ашёни болалар ва мазлумлар иштирокида ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқариб ташлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ