Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳрининг майдони Каттақўрғон ва Нуробод туманлари ерларининг бир қисмини ушбу аҳоли пунктига ўтказиш ҳисобига 2,9 минг гектарга кенгаяди. Тегишли қарор 5 сентябрь куни республика Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қилинди, дея хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.
Қарор долзарблиги Каттақўрғон аҳолисининг ўсишига оид прогнозлар билан изоҳланади. Сенат мажлисида Самарқанд вилоятининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган шаҳарда бугунги кунда 95 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётганига оид статистик маълумотлар келтирилган. Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳрида доимий рўйхатдан ўтмаган 4 мингга яқин аҳоли ва талабалар истиқомат қилмоқда.
Аҳоли пунктининг майдони 4,4 минг гектарни ташкил қилади. Яъни, аҳоли зичлиги – 1 квадрат километрга 9,5 нафар киши. Бу Каттақўрғонни вилоятнинг энг зич жойлашган ҳудудига айлантиради.
Бундан ташқари, таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, шаҳар аҳолиси сонининг ҳозирги ўсиш суръатида — йилига 1,1 минг киши даражасида — 2030 йилга келиб бу ерда камида 150 минг киши истиқомат қилади.
Бу омилларни ҳисобга олган ҳолда чегараларни кенгайтириш зарурати туғилади, шундан сўнг Каттақўрғон ўрта шаҳарлар тоифасидан йирик шаҳарлар тоифасига ўтади. Бу ерда инфратузилма объектлари ва кўп қаватли турар-жой мажмуаларини қуриш мумкин бўлади, урбанизация жараёнлари тезлашади.
Шунингдек, янги саноат корхоналари, фуқароларга хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади, бунинг натижасида шаҳарда янги иш ўринлари пайдо бўлади.
Сенаторлар Каттақўрғон шаҳрида 50 гектар майдонда «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг филиалини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, 30 гектар қўшимча ҳудуд учта кичик саноат зонасига берилади.