Алексей Ерхов Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди

Алексей Ерхов. aa.com.tr сайти фотосурати

Алексей Ерхов Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланди. Россия президенти Владимир Путин тегишли фармонни 5 сентябрь куни имзолади.

Бундан аввал Ерховни Россиянинг Туркиядаги элчиси вазифасидан, Олег Мальгиновни эса Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармон имзоланган эди.

Мальгинов 2021 йил 5 мартдан буён ушбу лавозимда ишлаб келган эди. У Ўзбекистондаги фаолиятини якунлашини 9 июнь — Россия куни муносабати билан ўтказилган қабулда маълум қилди.

ℹ️ Алексей Ерхов 64 ёшда. У 1983 йили МГИМО (Москва давлат халқаро муносабатлар институти) ни тамомлаган ва фаолияти давомида Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик хизматда қатор муҳим лавозимларда ишлаган. У Россиянинг Марокаш, Миср ва Исроилдаги элчихоналарида ишлаган, 2000 йиллар бошида Россия президенти маъмуриятида хизмат қилган, 2003-2006 йиллари Суриядаги элчи-маслаҳатчи бўлган.

2009 йилдан 2015 йилгача Ерхов Истанбулдаги Россия Бош консуллигини бошқарган, сўнг Россия ТИВнинг Вазият ва инқироз маркази департаментини бошқарган. 2017 йил июнь ойида президент фармони билан Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчи этиб тайинланган эди. 2025 йил 11 июнь куни Россия куни муносабати билан Анқарада ўтказилган қабулда Ерхов ўз миссиясини якунлаганини эълон қилди.