Ислом цивилизацияси марказида 300 дан ортиқ илмий лойиҳалар амалга оширилди

Ислом цивилизацияси маркази. theartnewspaper.ru сайти фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилган 330 та тасдиқланган илмий лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда Марказ олимлари ва ходимлари иштирокидаги якуний маслаҳат йиғилишида маълум қилинди, деб хабар беради ташкилот матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 330 та лойиҳа биринчи босқич учун танланган устувор йўналишдир. Жами портфелда ишлаб чиқилган ва маҳаллий ва халқаро конференцияларда тақдим этилган 800 дан ортиқ лойиҳалар мавжуд.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари, илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Президенти мазкур марказга ташрифи чоғида қатор топшириқлар бергани, уларнинг ижроси жамоа зиммасига алоҳида масъулият юклашини таъкидлади. Унга кўра, музей фаолияти, экспозицияларнинг дизайни ва бинонинг меъморий қиёфаси давлат раҳбари ғоялари асосида шаклланган.

«Марказ экспозициясида «Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар» мавзусига катта аҳамият қаратган ҳолда шакллантиришга бор ғайратимизни йўналтирдик. Шу ўринда, ҳар бирингизнинг меҳнатингизни қадрлаймиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ёшларимизни маънавий ва ақлий жиҳатдан тарбиялайдиган маскан бўлади», — деди Абдуҳолиқов.

Йиғилишда тадқиқот матнларини рақамлаштириш ва электрон платформага жойлаштириш ташаббуси илмий натижаларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, музей экспозицияси мазмунини бойитиш ҳамда Марказнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишига ҳам тўхталиб ўтилди. Олимларга илмий матнларни махсус платформага жойлаштиришда техник ва услубий имкониятлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди, шунингдек, тадқиқот натижаларини экспонатлар, видеолойиҳалар ва электрон маҳсулотлар орқали тақдим этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.