Ислом цивилизацияси марказида дунёдаги қадим юлдузлар харитаси намойиш этилади

«Собит юлдузлар китоби». Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясида астроном Абдурраҳмон ас-Суфий томонидан 960 йили тузилган энг қадимий юлдузлар харитаси – «Собит юлдузлар китоби» тақдим этилади. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

Харита факсимил шаклида тақдим этилган. Афсуски, асл нусхаси сақланиб қолмаган, аммо кейинги асрлар давомида китоб ўнлаб марта қайта кўчирилган ва ундаги иллюстрация ҳам. Бугунги кунда ушбу астрономик асарнинг энг машҳур нусхалари дунёдаги энг йирик тўпламларда сақланади: Доҳадаги Ислом санъати музейида (энг қадимгиларидан бири — тахминан 1125 йил), Оксфорддаги Бодлеиан кутубхонасида, шунингдек, Лондондаги Британия кутубхонасида.

Энг қизиқарли нусхалардан бири Парижда — Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда. У XV асрда Мирзо Улуғбек буйруғи билан яратилган. Қўлёзманинг четларида ҳатто буюк астроном томонидан ёзилган эслатмалар ҳам бор. 2022 йили Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти буюртмаси билан қўлёзманинг факсимили чоп этилди.

Мутахассисларнинг фикрича, «Собит юлдузлар китоби» ислом дунёси олимларига самовий жисмлар ҳаракатини башорат қилиш, вақтни ҳисоблаш, календарлар ва навигация асбобларини ишлаб чиқиш имконини берган астрономик билимлар даражасини намойиш этади. Бу асосларда нафақат ўрта аср илми, балки секстантдан GPSгача бўлган замонавий технологиялар ҳам ривож топган.

ИЦМ кураторларининг таъкидлашича, харита мультимедиа инсталяциясининг бир қисми бўлиб, унда бошқа даврларга оид артефактлар билан бир қаторда Беруний асарларидан тортиб то ҳозирги астрофизик моделларгача астрономия ривожи ҳақида ҳикоя қилувчи интерфаол материаллар тақдим этилади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир. Марказ биносида музей жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ