БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси зилзиладан жабр кўрган Афғонистоннинг шарқий вилоятлари аҳолисини вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш учун 5 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда Khaama.com ахборот агентлиги хабар берди.
Халқаро ташкилотнинг аниқлик киритишича, фалокат зонасига киришдаги қийинчиликларга қарамай, гуманитар ташкилотлар бошпана ва озиқ-овқатсиз қолган афғонларга ёрдам кўрсатиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда.
Шу билан бирга, БМТ зилзиладан жабр кўрган Кунар ва Нангарҳор вилоятларида кўчкилар, сувнинг ифлосланиши ва уй-жой танқислиги хавфидан хавотир билдирди, бу эса ушбу минтақадаги гуманитар инқирозни янада кучайтириши мумкин.
Айрим давлатлар толиблар* ҳукуматининг Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун қўшимча маблағ ажратиш ҳақидаги чақириғига жавоб бергани таъкидланган. Шундай қилиб, БМТ маълумотларига кўра, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар аллақачон ўз ёрдамларини таклиф қилишган.
Афғонистон матбуотига кўра, Буюк Британия ҳукумати Афғонистон халқига ёрдам учун 1 миллион фунт стерлинг ажратган. Маблағлар БМТ Аҳоли фонди орқали тез тиббий ёрдам тўпламлари, шунингдек, зилзила қурбонлари учун вақтинчалик уй-жой сотиб олиш ва кўчма тиббий бригадалар хизматлари учун ҳақ тўлашга йўналтирилади.
«Толибон» ҳаракати фалокат зонасида ҳаракат қилиш учун барча мавжуд ресурслардан фойдаланаётганини айтди. Хусусан, ўлганларни дафн этиш, ярадорларга ёрдам кўрсатиш. Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати фуқароларни жабрланган оилаларга озиқ-овқат ва кийим-кечак етказиб бериш орқали ўз инсонпарварлик ҳиссасини қўшишга чақирди.
1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистоннинг Кунар вилоятида 6,0 магнитудали зилзила содир бўлди. Дастлаб зилзила оқибатида камида 250 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Аммо оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, баъзи қишлоқлар «ер билан яксон бўлган» ва қурбонлар сони ортиши мумкин. Кечга яқин афғон расмийлари шарқий вилоятларнинг 800 дан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлганини, 2500 га яқин одам жароҳатланганини тасдиқлади.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот