Хитой Қозоғистонда янги шаҳар — Alatau City қурилишида иштирок этади

alatau.city сайти фотосурати

Қозоғистон Олмаота яқинида янги шаҳар — Alatau City қуриш лойиҳасида Хитой компаниялари билан яқин ҳамкорлик қилиш ниятида. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Пекинда бўлиб ўтган Қозоғистон-Хитой ишбилармонлар кенгашининг саккизинчи йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда.

«Биз Қозоғистон ва China State Construction Engineering Corporation корпорацияси ўртасида бугун имзоланган шартномани тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Қурилишни зудлик билан бошлаш зарур, деб ҳисоблайман. Яқин келажакда Alatau City мустақил экотизимнинг алоҳида мақомига эга бўлади», — деди президент. У имзоланган келишув тафсилотларини ошкор қилмади.

China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) — Хитойнинг энг йирик қурилиш компанияси ва дунёдаги энг йирик қурилиш ва инвестиция компанияларидан бири ҳисобланади. Қозоғистон раҳбарияти уни ўтган йили Alatau City қурилишида иштирок этишга таклиф қилган эди.

Тўқаев ўтган йил январь ойида Олмаота вилоятининг Жетиген қишлоғи ўрнида янги шаҳар барпо этиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Концепцияга кўра, Alatau City тўртта тематик ҳудуддан иборат бўлади: бизнес ва молия маркази, таълим ва тиббиёт маркази, инновацион саноат ва савдо-логистика зонаси ва туризм кластери. Асосий зоналарнинг ҳар бирида турар-жой майдонлари яратилади. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, шаҳарда 2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Режага кўра, Alatau City (Олатау) халқаро бизнес марказига айланади. Дубай, Сингапур, Тянтцзинь каби шаҳарларни яратиш тажрибасини асос қилиб олишга қарор қилинди. Янги турар-жой Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ва сармоявий ҳамкорлик даражасини ошириш, шунингдек, қатор янги ишлаб чиқариш ва тижорат лойиҳаларини ишга тушириши кутилмоқда. Шу мақсадда инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароит ва имтиёзлар яратилади. Бунга солиқ ва божхона имтиёзлари киради.

Шаҳар ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимни, жумладан, Олмаота халқаро молия маркази ҳуқуқларини жорий этиш имконияти ҳам кўриб чиқилади.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Қозоғистон ҳукумати ўн йиллар давомида янги сунъий йўлдош шаҳар — Олмаота лойиҳасини ишлаб чиқиш билан банд бўлган, у мегаполисдаги аҳоли гавжумлиги муаммосини ҳал қилиши ва уй-жой нархини пасайтириши лозим эди. Бош режа бир неча бор қайта кўриб чиқилган ва ўзгартирилган. Қурилиш бошланиши ҳақида ҳам бир неча бор эълон қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ