Ўзбек-қирғиз чегарасида икки қирғизистонлик ҳалок бўлган

Ўзбек чегарачиси. podrobno.uz сайти фотосурати

Икки Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон ҳудудида уч давлат чегараси туташган жойда отиб ўлдирилган. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизматига таяниб, «Вечерний Бишкек» хабар берди.

Ҳодиса 15 август куни содир бўлган. Ўзбекистон чегара хизмати ходимлари чегаралар туташган жойда икки фуқарони аниқлаган. Чегарачилар уларни қўлга олишга ҳаракат қилган, бироқ улар талабларга бўйсунмаган, натижада ҳарбийлар ўқотар қурол ишлатган. Ҳар икки қирғизистонлик яраланган ва ҳалок бўлган.

Ҳодиса 25 август куни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига Чотқол туманидаги Айғир-Жал қишлоғининг икки нафар фуқароси йўқолиб қолгани ҳақида ариза келиб тушганидан сўнг маълум бўлган. 28 август куни икки давлат чегарачилари йиғилиш ўтказган, унда воқеа тафсилотлари маълум бўлган. 31 август куни марҳумнинг яқинлари Ўзбекистонга келиб, уларнинг шахсини тасдиқлаган. Жасадлар 1 сентябрь куни «Баймак» назорат-ўтказиш пункти орқали Қирғизистон томонига топширилган ва экспертиза учун Кербен шаҳридаги ўликхонага етказилган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара идоралари раҳбарлари 2 сентябрь куни воқеа жойида қўшма тергов ишларини бошлашга келишиб олдилар. Ўзбекистон томони марҳумнинг мол-мулки – учта от ва бир чодирни Қирғизистонга беришга тайёрлигини маълум қилди.

Қирғизистон фуқароларининг ўлими юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ