Мирзиёев ШҲТ аъзоларини хавфсизлик ва савдо соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ҳамкасблари эътиборини хавфсизлик ва савдо-иқтисодий алоқалар соҳасида шерикликни кенгайтириш зарурлигига қаратди. Марказий Осиё республикаси раҳбари бир қатор аниқ ташаббусларни илгари сурди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Мирзиёев глобал ноаниқлик шароитида ШҲТ давлатларининг бирдамлиги нафақат қимматли бойлик, балки Осиё минтақасида тинчликни сақлашнинг калити эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбари ушбу тузилмани Глобал Жануб билан тўлақонли шериклик платформасига айлантириши учун уни изчил кенгайтириш, жумладан, бошқа минтақалар давлатлари ҳисобидан кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади.

Президент хавфсизлик масалаларига эътибор қаратди. У Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилишга чақирди. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги тарқатмаслик глобал режимига муносиб ҳисса бўлади.

Трансчегаравий таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Бундан ташқари Ўзбекистон етакчиси «ШҲТ – Афғонистон» мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлади.

Савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш нуқтаи назаридан Мирзиёев Савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини жорий этиш тўғрисидаги битимни имзолаш муҳимлигини таъкидлади. ШҲТ доирасида Стратегик материаллар бўйича минтақавий марказ, Энергетика консорциуми, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи, бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби бир қатор янги кўп томонлама тузилмалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини жорий этиш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишлари бўйича транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. «ШҲТ ягона транспорт макони»ни шакллантириш ва уни «Бир макон, бир йўл» стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Янги мультимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва «яшил» йўлаклар яратишни назарда тутувчи концепцияни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

ШҲТнинг «яшил» трансформация соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш борасида иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.

Гуманитар ҳамкорликка доир ғоялар ҳам илгари сурилди. Хусусан, «ШҲТ университети»нинг онлайн-кампусини яратиш, ҳар йили танлов ва олимпиадалар ташкил этиш, «Сайёҳлик йўлаги» ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш таклиф этилди.

Учрашув якунлари бўйича Тяньцзин декларацияси, ШҲТнинг 2035 йилгача ривожланиш стратегияси қабул қилинди, турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.

ℹ️ 1 сентябрь куни Тяньцзин шаҳрида Хитой етакчиси Си Цзиньпин раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, РФ президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев қатнашди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ