Афғонистон шарқида юз берган зилзила юзлаб одамлар ҳаётига зомин бўлди (хабар янгиланди)

aa.com.tr сайти фотосурати

Афғонистон шарқидаги Кунар вилоятида содир бўлган 6,0 магнитудали зилзила оқибатида камида 250 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ маҳаллий аҳоли жароҳатланди. 1 сентябрь эрта тонгда пайдо бўлган ушбу маълумотни NBC телеканали «Толибон»* ҳаракати вакилларига таяниб хабар қилди.

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан ярим тунда содир бўлган, эпицентри Жалолобод шаҳридан 27 километр узоқликда, Покистон билан чегара яқинида жойлашган.

Бундан ташқари, сейсмологларнинг айтишича, биринчи силкинишдан сўнг 4,5 дан 5,2 баллгача бўлган зилзилалар такрорланган. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат бир неча кун давом этиши мумкин — янги силкинишлар аввалгиларидан кучлироқ бўлиши мумкин.

Расмийлар ҳозирча ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони бўйича тахминий рақамларни эълон қилди. Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Шарафат Замоннинг сўзларига кўра, фожиа олис тоғли ҳудудда содир бўлгани учун қурбонлар ва инфратузилмага етказилган зарар ҳақида аниқ маълумот олиш учун вақт керак бўлади. Расмийнинг сўзларига кўра, кенг кўламли қутқарув операцияси бошланган, унинг доирасида юзлаб одамлар жабрланган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш учун сафарбар қилинган.

ToloNews нашри Кунар вилояти расмийларига таяниб, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини хабар қилади. Зилзила натижасида Нурғал туманидаги бир қанча қишлоқлар «ер билан яксон бўлган». Бундан ташқари, қутқарувчиларнинг фикрига кўра, худди шундай фожиа узоқ тоғли ҳудудларда жойлашган бошқа юзлаб аҳоли пунктларини ҳам бошига тушиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Айни пайтда бу ерда Мудофаа, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари гуруҳлари ишламоқда. Жабрланган фуқаролар вертолётларда Нангарҳордаги шифохоналарга етказилмоқда.

1 сентябрь куни тушдан сўнг қурбонлар ҳақида янгиланган маълумотлар эълон қилинди. Reuters агентлиги Афғонистон Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар қилишича, зилзила оқибатида камида 622 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони эса 1500 нафарга етган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ