Тожикистон 2027 йил августигача энергетика мустақиллигига эришади. Бу ҳақда республика Бош вазири Қоҳир Расулзода мамлакат президенти Эмомали Раҳмоннинг Роғун ГЭСи ва Роғун шаҳри ишчилари билан учрашуви чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Раҳмон йиғилганлар олдида сўз юритар экан, ГЭС дастлабки икки блок ишга туширилгандан буён 2,1 миллиард сомони (219 миллион доллар) қийматидаги 9,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилганини таъкидлади. 2026 йилда гидроагрегатнинг бешинчи ва олтинчи ишчи ғилдиракларини доимийсига алмаштириш режалаштирилган, бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширади. Янги ғилдираклар Австриянинг Voith Hydro компанияси томонидан етказиб берилди.
Президент бунёдкорлик ишларини тез, сифатли ва халқаро андозаларда олиб бориш, тўғон қурилишини жадаллаштириш, янги қувватларни ишга тушириш зарурлигига эътибор қаратди. ГЭС қурилишида 18,3 минг ишчи ва муҳандис-техник ходимлар ҳамда 3,7 мингдан ортиқ техника жалб этилган. Тўғон қурилиши билан шуғулланаётган Италиянинг «Вибильд» компаниясига жорий йил сентябрь ойи охиригача сув омборини 1100 метрга тўлдиришни таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
«Таъкидлаш жоиз, давлат мустақиллигининг 34 йиллиги нишонланадиган 9 сентябрга қадар тўғон сатҳи денгиз сатҳидан 1110 метрга, баландлиги эса 145 метрга етказилади», — деди Раҳмон.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йили Роғун ГЭСи лойиҳасига 2,8 миллиард сомони (292 миллион доллар) ажратиш режалаштирилган эди, бироқ ички маблағлар жалб қилинган ҳолда бу миқдор 4,8 миллиард сомонига (500 миллион доллардан ортиқ) етказилди. 2025 йили яна 4,3 миллиард сомони (деярли 450 миллион доллар) сарфланган бўлса, 2008 йилдан бери молиялаштириш ҳажми 48,1 миллиард сомонидан (5 миллиард доллар) ошган.
Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини давлат бюджетидан мунтазам молиялаштириш билан бир қаторда халқаро молия ташкилотлари ва бошқа ҳамкорлардан маблағ жалб этмоқда. 2020 йилдан буён Жаҳон банки билан ҳамкорлик олиб борилмоқда: шу даврда Жаҳон банки ва бошқа ҳамкорлар вакиллари билан 300 дан ортиқ учрашувлар ўтказилган, уларда тўғон хавфсизлиги, экология, ижтимоий соҳа, шунингдек, лойиҳанинг турли техник ва ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Бу борадаги ишлар натижасида Жаҳон банки томонидан мазкур лойиҳага 650 миллион доллар ажратилган бўлиб, шундан биринчи босқич учун 350 миллион долларлик грант шартномаси имзоланган. Бундан ташқари, Осиё инфратузилма сармоялари банки (500 миллион доллар), Ислом тараққиёт банки ва араб фондлари (450 миллион доллар), шунингдек, Қатар тараққиёт жамғармаси билан 50 миллион долларлик шартномалар тузилди. Бошқа халқаро молия институтлари билан 1,7 миллиард долларлик грант ва кредит шартномаларини тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергия лойиҳаси ҳисобланади. Иншоотни 2031 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Роғун ГЭСи қуввати 3600 МВт ва йилига 13-17 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектр станцияга айланиши кутилмоқда.