«Тошкент-Шарқий» аэродроми негизида янги аэропорт қурилиши якунланди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон пойтахти яқинидаги «Тошкент-Шарқий» аэродроми негизида 2017 йили бошланган аэропорт қурилиши якунланди. 27 август куни янги авиация мажмуасига мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

«Тошкент-Шарқий» — кўп қийинчиликларга, хусусан, COVID-19 пандемиясига қарамай амалга оширилган стратегик йирик лойиҳадир. Мазкур объект республикада транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга намуна бўлди.

Аэропортнинг умумий майдони 561 гектардан иборат. 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги ва 3 та ҳаракатланиш йўли янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди. 20 та «ҳаво кемаси»га мўлжалланган перрон барпо этилди. Boeing 787, А 320 каби самолётлар, бизнес-жетлар ҳамда вертолётлар учун ангарлар қурилди.

Аэропортда VIP ва CIP терминаллар бунёд этилган. Олий мартабали меҳмонлар залида расмий кутиб олиш, музокаралар ва брифинг ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Соатига 100 нафар йўловчини қабул қилиш қувватига эга CIP терминалида дўкон ва овқатланиш жойлари бўлади.

Муҳими, аэропорт ICAO (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Бу ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш ва қўниш имконини беради.

Янги аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади. Халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий алоқалар ва хизмат кўрсатиш соҳаси янада ривожланиб, янги иш ўринлари яратилади.

«Кўп йил тайёргарлик қилиб, мана шундай аэропорт қурдик. Бу ҳам давлатчиликнинг яна бир замини. Бу ерда юртимизга келадиган меҳмонлар ва самолётларга юқори даражада хизмат кўрсатилади. Натижада Тошкент халқаро аэропортига юклама енгиллашади. Худо хоҳласа, у аэропорт учун ҳам бошқа жойда улкан мажмуа қуришни режалаштирганмиз», — деди президент.

Давлат раҳбари янги авиация мажмуаси қурилиш майдонига мунтазам ташриф буюрган. Масалан, жорий йил июнь ойида шундай ташриф ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда Мирзиёев матбуот хизмати лойиҳанинг техник тавсифлари ва терминалларнинг меъморий ечимлари билан танишган республика раҳбари қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берганини таъкидлаган эди.

ℹ️ Илгари «Тошкент-Шарқий» аэродромида Чкалов авиация заводининг (ТАПОиЧ) парвоз синов станцияси ва ҳарбий транспорт авиацияси жойлашган эди. Бу ерда фуқаролик (тадбиркорлик) авиацияси учун замонавий аэропорт мажмуасини қуриш қарори 2017 йил июнь ойида қабул қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ