Тожикистонда фолбинлар ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланадиган фуқаролар учун жарималар жорий этилди. Тегишли модда 31 июль куни республиканинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилди, дея аниқлик киритади Ички ишлар вазирлигининг Душанбе шаҳри бўйича бошқармаси ўзининг Telegram-каналида.
Пойтахт полицияси огоҳлантиришича, 482-модданинг 1-иловаси («Сеҳргар ёки фолбин хизматларидан фойдаланиш») асосида хурофий маросимларни бажарувчи шахсларга мурожаат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун 50 дан 60 гача ҳисоб миқдорида — 3 750 дан (деярли 400 доллар) 4 500 сомонигача (475 доллар) жарима кўзда тутилган.
Шу муносабат билан Душанбе шаҳар ИИБ фуқароларни бундай хурофот ва ноқонуний хатти-ҳаракатлардан қатъиян тийилишга, ҳуқуқ-тартибот идораларига ушбу салбий ҳодисани бутунлай бартараф этишда ёрдам беришга чақиради.
«Азия-Плюс» нашрининг қўшимча қилишича, сеҳргарлар мижозларига қарши кураш чоралари ўтган йили эълон қилинган. Ўшанда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги сеҳргарлар ва фолбинларга ташриф буюрганларнинг исм-шарифлари ва фотосуратлари киритиладиган махсус маълумотлар базаси яратилгани ҳақида хабар берганди. Вазирликнинг таъкидлашича, бундай ёндашув хурофотлар олдини олишга ёрдам беради, чунки бундай хизматлардан фойдаланадиган фуқаролар сеҳр ва жодугарликнинг тарқалишига ҳисса қўшадилар.
Шунингдек, 31 июль куни парламентга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фолбин мижозларига жарима солишни назарда тутувчи ўзгартишларни тасдиқлаш тавсия этилган ҳукумат қарори омма эътиборига ҳавола қилинган. Аммо маълум бўлишича, Маъмурий Кодексга ўзгартиришлар жуда тез киритилган. Бироқ, хавфсизлик кучлари 482-моддага киритилган янги қўшимча бўйича қонунбузарлар аниқлагани ва уларнинг сони қанча эканига ҳақида маълумот бермаяпти. Шунга қарамай, жорий йилнинг биринчи ярмида Тожикистон бўйлаб 495 та сеҳр ва фолбинлик фаолияти қайд этилганига оид маълумотлар бор.
Ўтган йил май ойида республика ҳукумати сеҳргар ва фолбинларга нисбатан жазони кучайтирганди. Маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг қонунни такроран бузганлик учун жарима миқдори оширилиб, жиноий жавобгарлик жорий этилганди. Энди сеҳргар-рецидивистлар ўз ҳаракатлари учун максимум икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.