Лебап вилоятида миллий озчилик вакиллари «туркманлаштириш»га мажбур қилинмоқда

asal.media сайти фотосурати

Туркманистоннинг Лебап вилоятида титул миллатига мансуб бўлмаган этник гуруҳлар вакилларига нисбатан камситиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, улар давлат идораларига ишга киришда ўз исмларини «туркманлаштириш»га мажбур қилинмоқда, Ички ишлар вазирлигида эса миллий озчиликлар орасидан номзодлар умуман ҳисобга олинмайди. Бу ҳақда Turkmen.news республикадаги манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр манбасининг ёзишича, бундай ҳолатлар аввал ҳам бўлган, бироқ улар юқори лавозимга тайинланишда пайдо бўлган. Энди маҳаллий амалдорлар амалиётни унчалик аҳамиятли бўлмаган лавозимларга нисбатан қўллай бошладилар. Ички ишлар вазирлиги эса туркман миллатига мансуб бўлмаган шахсларни ишга қабул қилишни бутунлай тўхтатган. Ҳатто ҳуқуқ-тартибот идораларида кадрлар етишмаслиги фонида ҳам ўзбек ёки тожик миллатига мансуб номзодлар кўриб чиқилмайди. Манбалар шуни кўрсатадики, бундай кўрсатма Ашхободдан, яъни республика ҳокимиятидан келган.

«Туркманлаштириш» жараёни мактаб ўқувчиларини ҳам қамраб олган, улар шахсий маълумотларини ўзгартиришга мажбур қилинмоқда. Масалан, Сардор, Олим ёки Шуҳрат исмларининг ўзбекча вариантлари Сердар, Алим ва Шоҳратга ўзгартирилади. Бундай ҳолатларга ўрта мактаб ўқувчилари дуч келишмоқда ва бу тенденция бутун минтақада кузатилмоқда.

Бундан ташқари, кўплаб миллий озчилик вакиллари эски намунадаги паспортларида «туркманлар» деб ёзишни афзал кўришади. Бундай ўзгартиришлар уларга келажакда камситишдан қочиш имконини беради.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, аҳолини расмий рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Лебап вилояти истиқомат қилувчи ўзбеклар улуши ва этник хилма-хиллик даражаси бўйича мамлакатда иккинчи ўринда туради. Тошҳовуз вилоятида эса ўзбеклар маҳаллий аҳолининг деярли учдан бир қисмини ташкил қилади. Аммо улар, Мари вилоятида ихчам жойлашган балужлар сингари, мактабларда ўз она тилларини факультатив форматида ўрганиш имконига эга эмаслар.

Республикада биринчи навбатда туркманларни давлат хизматига олиш тўғрисида сўзсиз қоида мавжуд. Бундан ташқари, бўлажак амалдорларнинг этник келиб чиқиши Миллий хавфсизлик вазирлиги томонидан текширилади, уч авлод гувоҳномаси талаб қилинади.

Албатта, ҳокимиятнинг энг юқори поғонасида озарбайжон, рус, ўзбек миллатига мансуб одамлар кўп. Лекин шунга қарамай, туркманларда мансабдор шахс сифатида мартабага эришиш имконияти анча юқори, дея хулоса қилади Turkmen.news.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ