Чимкент шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Ернар Жиембайни шаҳар ҳокими ўринбосари Руслан Берденов ҳаётига суиқасд қилганликда айблаб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Kazinform хабар берди.
Айбланувчи Қозоғистон Жиноят кодексининг 24-моддаси 3-қисми («Жиноятга уриниш») ва 99-моддаси 1-қисми («Қотиллик») билан айбдор деб топилди.
Иш материалларига кўра, 2025 йил 21 апрель куни «Тургын үй Шымкент» МЧЖ раҳбари Ернар Жиембай маст ҳолда шахсий адоватда Руслан Берденовни ов милтиғидан беш марта ўққа тутиб, ўлдиришга уринган. Ўқлар тугаб, жабрланувчи қаршилик кўрсатгани, воқеа гувоҳлари унга ёрдам бергани учун жиноят якунланмаган.
Жиембайнинг айби унинг иқрор бўлиши, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, видеоёзувлар ва суд-тиббий экспертизалари тасдиқланган.
Суд жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни: айбига қисман иқрор бўлганини, пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлиги, икки нафар ёш боласи борлигини инобатга олган. Жиембай жиноят содир этиш вақтида маст ҳолатда бўлгани ҳолатни оғирлаштирувчи омил ҳисобланган.
Маҳкум жазони ўташдан ташқари, жабрланувчига 30 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи, яъни 117 960 тенге (219 доллар) миқдорида компенсация тўлаши шарт.
Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган.
ℹ️ Руслан Берденов 21 апрель куни Чимкент шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида тан жароҳати олган эди. Гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига (ИВС) жойлаштирилган. Версиялардан бирига кўра, ҳужумга рашк сабаб бўлган: гўёки Берденов ижтимоий тармоқда Жиембай хотинига лайк қўйган. Бошқа бир версияга кўра, воқеадан бироз олдин Берденов ва Жиембай ўртасида жанжал келиб чиққан.
Судланувчи Берденовни ўлдириш нияти йўқлигини, фақат уни «қўрқитмоқчи» бўлганини айтган. Жабрланувчининг ўзи эса Жиембайнинг рафиқаси билан шахсан таниш эмаслигини ва унга эътибор кўрсатмаганини таъкидлаган. Отишмаларга келсак, Берденовнинг сўзларига кўра, Жиембай уни ўлдирмоқчи бўлган.
«Биринчи ўқ аниқ бошга йўналтирилган эди. Мен энгилишга улгурган эдим. Кейин орқамга тўрт марта ўқ узишди. Мен ерга йиқилдим. Ҳужумчи яқинлашиб, қуролни қайта ўқлади ва қуролини яна менга қаратди. Мен шокда эдим, баданимга қон қуйилаётганини ҳис қилгандим, лекин ўрнимдан турмасам, у мени ўлдиришини тушунгандим. У пайт бир қўлим бўйсунмасди. Мен ўрнимдан турдим, ундан узоқлаша бошладим. Ўша пайт қурол ерга тушганини эшитдим. Жиембай қочмоқчи бўлди, лекин ҳайдовчим унинг йўлини тўсди ва машина билан енгил туртиб, уни йиқитди. У йиқилди, лекин дарҳол оёққа туриб қочиб қолди. Мен яна ерга қулаб тушдим», — дейди Берденов.
Судда Жиембай Берденовдан узр сўраб, унга соғлик тилаган. У пушаймонлигини айтиб, адолатли суд қарорига умид билдирган. Жиембай қотилликка уриниш айбини тан олмаган. Унинг сўзларига кўра, ўқлар Берденовга «ноаниқ ҳолатга қўра» теккан.