Бир ҳафта аввал Қирғизистондаги Победа (Ғалаба) чўққисида оёғи синиб қолиб кетган россиялик алпинист Наталья Наговицина дастлабки маълумотларга кўра вафот этган. Аёлда энди ҳаёт белгилари йўқ, деб хабар беради Shot Telegram-канали.
Канал маълумотларига кўра, Наговицина 7 минг метрдан ошиқ баландликда уйқу халтасида ётибди, у ерда ҳозирда ҳаво ҳарорати 23 даража совуқ.
Қирғизистонлик қутқарувчилар бир-икки кун олдин алпинист аёлга ёрдам бериш учун йўлга чиқишлари керак эди, бироқ чўққига чиқиш 5-6 кун талаб этилиши мумкин. Победа чўққисига чиқишни бошлаш учун энг яқин нуқталардан бири вертикал равишда 3,5 км узоқликда жойлашган «Жанубий Энилчек» лагеридир. Shotнинг таъкидлашича, айнан ўша ердан бир неча алпинист Наговицинани қидириш учун қутқарув гуруҳидан алоҳида боришни режалаштирган.
Аммо бу жараён ноқулай об-ҳаво шароити туфайли мураккаблашган ва рус аёлининг ушланиб қолган ер ланшафти одамни пастга туширишни қийинлаштиради. Унинг чодири бир неча йил олдин ҳалок бўлган ва жасади ҳали эвакуация қилинмаган алпинист Михаил Ишутин вафот этган жойда жойлашган. Ҳатто идеал об-ҳаво шароитида ҳам, тоғларда қолиб кетган аёлни лагерга олиб бориш учун мутахассисларга камида икки кун вақт керак бўлади.
«Қутқарувчиларнинг баъзилари жароҳат олган ва операцияда қатнаша олмайди. Чўққидаги ҳарорат кундан-кунга пасайиб бормоқда, эртага -26 даража совуқ ва қор ёғиши кутилмоқда. Наталья эса энди қимирламаяпти», — дейилади Telegram-канал хабарида.
Наговицинанинг ўлими ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Бироқ, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вазиятга муносабат билдирди. Вазирликнинг таъкидлашича, 16 август куни Қирғизистон Мудофаа вазирлигининг фавқулодда ҳодиса жойига юборилган вертолёти 4600 метр баландликда қаттиқ қўнишни амалга оширган. Ҳодиса оқибатида икки киши жароҳатланган. Ёрдам учун яна бир самолёт юборилган, аммо тоғларда авиация имкониятлари жуда чекланган.
ТИВ маълумотларига кўра, 19 август куни қутқарувчилар алпинист ётган нуқтага етиб боришган. Аммо уни қидириш об-ҳаво шароити туфайли мураккаб ва бироз вақт талаб этади.
19 август куни Mash Telegram-каналида россиялик аёлга ёрдам бермоқчи бўлган Лука исмли италиялик вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Аниқланишича, у ва яна бир германиялик алпинист бир неча кун олдин Натальяга уйқу халтаси, ўчоқ, озиқ-овқат ва газ баллонини етказиб беришган. Кейин эркаклар ёрдам учун пастга тушишга қарор қилишган, аммо об-ҳаво ёмонлашгани сабаб, 6800 метр баландликда тунашга мажбур бўлишган. Кўп ўтмай Лука касал бўлиб қолган – эҳтимолга кўра, унинг қўлларини музлаб қолган ва мияси шишиган, натижада италиялик вафот этган. Унинг жасади ҳозирда ғорда, қутқарувчилар уни пастга туширишни режалаштирмоқда, бироқ об-ҳаво шароити уларга тўсқинлик қилмоқда.
Бир кун аввал Марказий Осиё республикаси Мудофаа вазирлиги вертолётлар ёрдамида 62 нафар алпинист «Жанубий Энилчек» ва «Поляна» лагерларига эвакуация қилингани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, сайёҳлик марказлари ҳудудидан Бишкек шифохоналарига 30 киши, шунингдек, 16 август куни Хон-Тангри чўққиси ҳудудида вафот этган россиялик Алексей Ермаковнинг жасади олиб келинган.
Аввалроқ Наталья Наговицина оёғини синдириб, Победа чўққисида ушланиб қолгани ҳақида хабар берилганди. Унинг шериги аёлга биринчи ёрдам кўрсатган, аммо у ёрдам учун пастга тушишга мажбур бўлган. Икки хорижлик ёрдам бермоқчи бўлган, бироқ аёлни фақат уйқу халтасига ўрашга муваффақ бўлишган. Оммавий ахборот воситалари 2021 йили Наговицинанинг эри ҳам Победа чўққисида вафот этганини, ўшанда аёл охиригача унинг ёнида бўлганини эслатади.