Атом электр станциялари (АЭС) қурилишини назорат қилувчи Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари энергетика объектларида фавқулодда вазиятлар юзага келганда ҳар икки давлатнинг тайёргарлигини ошириш имконини берувчи тезкор ҳаракат қилишнинг қўшма механизмини яратиш масаласини муҳокама қилди. 18 август куни Тошкент шаҳрида ҳукумат делегацияларининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради «Ўзатом» ўзининг Telegram-каналида.
Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Жомарт Алиев бошчилигидаги бир гуруҳ қозоғистонлик мутахассислар Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюрди. Мулоқотда икки мамлакат Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари вакиллари, ўз республикаларида АЭС қурилишига бевосита алоқадор масъул шахслар иштирок этди.
Радиацион ва экологик вазиятни мониторинг қилишнинг қўшма тизимини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай лойиҳалар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, қўшни давлатлар ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишда маълумотлар алмашинувини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда атом электр станцияларини қуришда асосий эътибор объектлар хавфсизлигига қаратилиши зарурлиги қайта-қайта таъкидланди. Хусусан, томонлар ҳар икки республикада АЭС қурилиши учун танлаб олинган потенциал майдонларнинг сейсмик барқарорлиги жиҳатларини кўриб чиқди.
Ўзбекистон ўз ҳамкорларини ядровий ва радиациявий хавфсизлик соҳасида халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни жорий этиш бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Меҳмонлар қўшни давлат мутасаддилари томонидан амалга оширилаётган бу ишларни ижобий баҳолади.
Бундан ташқари, делегациялар атом саноати учун мутахассислар тайёрлашда тажриба алмашиш, жумладан, ММФИ МТЯУ Тошкент филиали негизида қўшма таълим дастурларини яратиш муҳимлигини муҳокама қилдилар.
«Ўзатом» раҳбари Азим Ахмедхаджаев таъкидлаганидек, Қозоғистонда АЭС қуриш лойиҳасига мустаҳкам пойдевор қўйиб, муҳандислик-қидирув ишлари бошлангани қувонарли. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бу босқич аҳамиятини яхши тушунади, чунки ҳозирда ўзи атом электр станциясини қурмоқда.
«Бу мамлакатларимиз бир-бирига ўхшаш ривожланиш йўлини босиб ўтаётган ўзига хос даврдир ва шунинг учун бизда кўплаб ўзаро боғлиқлик нуқталари мавжуд. Биз тез-тез учрашиб туришимиз, тажриба алмашишимиз ва биргаликда янги уфқларни очишимиз керак — энергетикадан тортиб тиббиётгача, қишлоқ хўжалиги ва сувни тозалашгача, бу ерда ядровий технологиялар халқларимизга фойда келтириши мумкин», — деди Ахмедхаджаев.
Жомарт Алиев, ўз навбатида, бу галги музокаралардан кўзланган мақсад бир хил хатоларни қайта такрорламаслик учун дуч келаётган масалаларни муҳокама қилиш эканини айтди.
«Биз маълум даражада параллел қадамлар билан бораётганимизни тушунамиз. Шунинг учун бу ерда фақат конструктив ёндашув, тажриба алмашиш масаласи бор», — деди вазир ўринбосари.
Учрашув якунида ҳар икки республика делегациялари Марказий Осиёдаги энергетика лойиҳаларини хавфсиз ва барқарор ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини тасдиқладилар.