Қозоғистонда Қарағанда вилоятининг Саран шаҳридаги Silk Road Electronics заводи расман Samsung бренди остида телевизор ва кир ювиш машиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу ҳақда мамлакат Саноат ва қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Заводда SmartThings экотизимини қўллаб-қувватловчи Samsung кир ювиш машиналари, шунингдек, Smart TV (Crystal UHD 4K, FHD, HD моделлари) функциясига эга юқори аниқликдаги телевизорлар ишлаб чиқарилади. Келгусида QLED серияли телевизорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
2025 йил охиригача 10 мингта телевизор ва 25 мингта кир ювиш машинаси ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, линиянинг умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига 150 мингта телевизор ва 200 мингта кир ювиш машинасини ташкил этади.
Лойиҳа давлат, инвесторлар ва бизнес ҳамкорлиги асосида амалга оширилди. Янги ишлаб чиқаришнинг ишга туширилиши иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, технологиялар трансфери ва турдош тармоқларни ривожлантиришни таъминлайди, дея таъкидлади Саноат вазирлиги матбуот хизмати.
ℹ️ Silk Road Electronics корхонаси 2023 йил охирида Сарандаги собиқ каучук маҳсулотлари заводи негизида ишга туширилган, йўналтирилган сармоя 36,2 миллиард тенгени (67 миллион доллар) ташкил этган. Завод акциядорлари орасида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Сингапур компаниялари ҳам бор. Корхонада Royal, Shuvaki, Vesta, Artel брендлари остида кир ювиш машиналари, телевизорлар, қозонхоналар, печлар, чангютгичлар ишлаб чиқарилади. 2025 йили Silk Road Electronics асосан ички бозор учун 423 минг дона маиший техника ишлаб чиқаришни, 2028 йилга бориб эса йилига 1,1 миллион дона қурилма ишлаб чиқариш қувватига етказишни, уларнинг бир қисмини Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистонга экспорт қилишни режалаштирган.