Тошкентда «Янги Ўзбекистон» боғига ёндош ҳудудда йилига 55 минг нафаргача сайёҳни қабул қила оладиган замонавий меҳмонхона мажмуаси очилди. 18 август куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев мазкур муассасага ташриф буюрди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.
Бир пайтлар қаровсиз ётган манзиллар бугун обод масканга айланган. 8 гектардан зиёд майдонда 12 та замонавий меҳмонхона, 375 ўринли «Янги Тошкент» конференция зали, 310 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ҳамда очиқ спорт майдони барпо этилган.
Меҳмонхоналарга Қорақалпоғистон ва вилоятлар номи берилган. Улар 3 юлдузли бўлиб, 5 қаватдан иборат, 62 та хона ва 124 ўринга эга. Мажмуа ягона концепция асосида фаолият юритади ва унинг бошқаруви халқаро тажрибага эга Leo Hospitality Solutions, Radisson Individuals, Trademark Collection by Wyndham каби нуфузли компанияларга топширилади.
Хусусий банклар шу каби мажмуалар бошқарувига шерик бўлиб кириш таклифини билдирди. Давлат раҳбари хизмат соҳалари кенгайиши, жойларда замонавий масканлар кўпайиши аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишини таъкидлади.
Меҳмонхоналар ресторан, анжуманлар зали ва дам олиш масканлари билан уйғун қурилгани хизмат қамровини оширади. Бу ерда юқори даражадаги тадбирлар ҳамда йирик халқаро анжуманлар ўтказилиши ҳам мумкин.
Мажмуада 540 та янги иш ўрни яратилиб, йилига ўртача 55 минг туристга хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган. Бу ер маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун яна бир локация, Тошкент воҳасида туризм ривожи учун қўшимча стимул бўлади.
Давлат раҳбари меҳмонхоналар раҳбарияти билан суҳбатда кўрсатилаётган хизматлар турини кенгайтириш ва сифатини ошириш зарурлигига эътибор қаратди. Кўп функцияли меҳмонхона хизматларини ривожлантиришни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам фаол илгари суриш зарурлиги таъкидланди.