Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига минглаб китоб ва қўлёзмалар етказиб берилди. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.
Кутубхонанинг ташкил топиши тарихий воқеа бўлиб, унга саккиз йилдан бери тайёргарлик кўрилди, дея таъкидлайди муассаса.
«Ўзбекистонда илм-фан, тарих ва маънавиятга эътибор кучайиб бораётган бугунги даврда биз яна бир муҳим тарихий жараёнга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказини нафақат маданий-маърифий, балки бой илмий марказга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самараси кўзга ташланмоқда», — дейилади хабарда.
Кутубхона 300 мутолаа жойига мўлжалланган бўлиб, унда 50 минггача қадимий қўлёзмалар, илмий, бадиий, тарихий, маданий-маърифий асарлар, шунингдек, нодир нашрлар сақланади. Бугунги кунда фонд 35 мингдан ортиқ нусхага эга.
Мамлакатдаги етакчи илмий муассасалар, жумладан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда саралаш, қайд этиш ва тизимлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ахборот-ресурс марказлари ходимлари, юз нафардан ортиқ мутахассис ва кўнгиллилар жамоаси ҳам жалб этилган.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб қилиш ғояси контекстида амалга оширилаётган лойиҳадир. Ташкилот биносида бешта тематик залдан иборат ноёб музей жойлашган.