Ўзбекистон президенти Тошкент вилоятидаги Миллий футбол марказига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Президент Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини бориб кўрди. Мазкур иншоот республика спортини ривожлантиришнинг муҳим бўғинига айланди, дея таъкидлайди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Марказда бир вақтнинг ўзида турли ёшдаги олтита терма жамоа йиғинлари ўтказилиши мумкин. Бунинг учун барча шароит яратилган: стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона. Бундан ташқари, бу ерда пляж футболи майдони, ёпиқ футзал аренаси, сузиш ҳавзаси, реабилитация бўлими қурилди.

Мажмуада профессионал футболчи ва мутахассисларни тайёрлаш учун тўртта тузилма ташкил этилди:

✅ Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази;

✅ Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази;

✅ Республика футбол академияси;

✅ Спорт тиббиёти ва реабилитация маркази.

Мирзиёев ушбу ташкилотлар билан атрофлича танишди. Футбол тиббиёти ва реабилитацияси бўлимига хорижий ускуналар олиб келинган, энг илғор услублар ўзлаштирилган. Бу футболчиларга қисқа вақт ичида жисмонан тикланиш имкониятини беради.

Футбол академиясида ёш истеъдодлар сараланиб, тарбияланади. Буни халқаро даражада ташкил этиш учун марказга Аргентина, Венгрия ва Хорватия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган. Улар малакали мураббий, ҳакам, таҳлилчи, селекционер ва футбол менежерларини тайёрлашда иштирок этмоқда. Мажмуада VAR маркази ҳам ташкил этилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол тизимида сифат жиҳатидан ўзгаришлар рўй берди: болалар спортидан тортиб, клублар ва чемпионатларгача. Албатта, бу ишларнинг энг катта натижаси ўлароқ тарихий воқеа юз берди – республика терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқди.

Жорий йилнинг апрель ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё кубогида навбатдаги ғалабага эришилди. 17 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллади.

Давлат раҳбари Миллий марказга ташрифи чоғида ёш футболчилар билан суҳбатлашди.

«Биз ҳамма соҳада дунёда муносиб ўрин эгаллашга интилаяпмиз. Спортчиларимиз буни тезроқ етказа олади. Сизлар иродали ғалабангиз билан, халқимиз меҳнат қилса, ҳаракат қилса, ҳамма нарсага қодир эканини яна бир бор исботладингиз. Бутун дунё сизнинг тимсолингизда азму шижоатли, ғурури баланд, ҳеч қачон интилишдан қайтмайдиган янги Ўзбекистон авлодини кўрди. Энди футболни ҳозиргидан ҳам 2-3 карра кўпроқ қўллаб-қувватлаймиз», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ