Тожикистон мактабларида «Сунъий интеллект асослари» фани ўрганилади

asiaplustj.info сайти фотосурати

2025-2026 ўқув йилида Тожикистоннинг 100 та мактабида «Сунъий интеллект асослари» фанидан қўшимча курс жорий этилади. Тажриба Душанбе шаҳрида 60 та, мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги 40 та муассасани қамраб олиши режалаштирилган, бироқ якуний рўйхат ҳали тасдиқланмаган. Бу ҳақда мамлакат Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Сунъий интеллект (СИ) кенгашига таяниб, «Азия-Плюс» хабар берди.

Ушбу лойиҳа ташаббускори бўлмиш Кенгашнинг таъкидлашича, унинг мақсади фанни кейинчалик стандарт мактаб ўқув дастурига киритиш учун асос яратишдир. Дастлаб фан талабига жавоб берадиган таълим муассасаларида эксперимент йўлга қўйилади. Бунда юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш, электрон доскалар ва тегишли моддий-техник жиҳозлар мавжуд бўлиши керак. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларининг, айниқса, математика фанига тайёргарлик даражаси ҳам ҳисобга олинади.

СИ дарслари бепул бўлади, таълим муассасалари фақат дарслар учун талабларга мувофиқ жиҳозланган хонани ажратиши керак. 10-11 синф ўқувчилари асосий дарслардан сўнг янги фанни ўрганиши мумкин. Ташаббусчилар ғоясига кўра, бир гуруҳда 10-15 нафардан ортиқ ўсмир бўлмаслиги керак, уларга ҳафтада бир марта бир соатлик машғулотларда сунъий интеллектни ўзлаштириш таклиф этилади.

Кенгашнинг қўшимча қилишича, агар бу йўналишда ўқитувчилар сони кўпайса, дарслар ҳафтасига икки мартагача кўпаяди. Аммо ҳозирча мамлакатда бу соҳада мутахассислар жуда кам. Кафедрада информатика фани ўқитувчилари, шунингдек, техник воситалар ва математикадан етарли билимга эга бўлган ўқитувчилар учун қўшимча курслар ўтказиш орқали вазиятни тузатиш режалаштирилган.

«СИ асослари» курсига ёзилишдан олдин мактаб ўқувчилари синовдан ўтказилади, лекин юқори натижа кўрсатмаганлар ҳам фанга қизиқиш билдирса, қўшимча дарсларда ўрганишлари мумкин бўлади.

Расмийлар тажриба ўтган ўқув йили бошланганини эслатди. Уни амалга оширишнинг синов босқичига 25 та мактаб, жумладан, Душанбе шаҳрида 18 та, Хўжанд ва Қонибодамдаги 7 та муассаса қўшилган.

«Яхши натижаларга эришилди», — дейди СИ бўйича Кенгаш.

Таъкидланишича, Тожикистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясига биноан 2028 йилга бориб ушбу фан республикадаги барча мактабларни қамраб олиши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ