Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида болалар учун кўргазма очилади

Салим Аҳмад. muslim.uz сайти фотосурати

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) болалар учун янги интерактив кўргазма тайёрламоқда, деб хабар беради ташкилот матбуот хизмати.

Марказ буюртмаси билан Британиянинг «1001 кашфиётлар» ташкилоти раҳбари Салим Аҳмад жамоаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа замонавий технологиялар ва анимация ёрдамида ёшларда китоб, кашфиётлар, олимлар меросига қизиқишни кучайтиришга қаратилган.

Қайд этилишича, Салим Аҳмад илмий кенгаш раиси ва Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов иштирокида бўлиб ўтган ИЦМ раҳбариятининг навбатдаги йиғилишида ўз ишланмаларини тақдим этган.

Лойиҳа концепциясига кўра, музей экспозициясидаги ажратилган майдондаги биринчи хона Ўзбекистон байроғи рангларида безатилади, лазер нурли металл китоб ўрнатилади. Китобдан таралган ёруғлик экранда кўрсатилаётган воқеани акс эттиради. Натижада босма нашр саҳифаларидаги манзаралар жонланади. Мазкур кўргазма орқали жамоатчилик Абу Райҳон Беруний ва Муҳаммад Хоразмийнинг болалик ва етукликдаги образлари билан танишиши режалаштирилган.

Аҳмад, шунингдек, кўргазма учун Буюк Британия ва Германиянинг етакчи компаниялари томонидан экспонатлар тайёрланаётганини айтди. Уларнинг 80 фоизи Ўзбекистонга етказиб берилган, қолганлари август ойи охиригача етиб келади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш ғояси контекстида амалга оширилаётган лойиҳадир. Ташкилот биносида музей жойлашган. Марказнинг очилиши 2025 йил август ойининг охирига режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ