ОАВ: Афғонистоннинг бешта вазирлиги ўз ходимлари суратларини чоп этишни тўхтатди

amu.tv сайти фотосурати

Афғонистоннинг толиблар* ҳукумати таркибига кирувчи бешта вазирлик сайтлари ёки ижтимоий тармоқларида оммавий тадбирларда қатнашган ўз ходимларининг суратларини чоп этишни тўхтатди. Шу тариқа, идоралар тирик мавжудотларни намойиш этишни тақиқловчи «ахлоқ тўғрисида»ги қонунга амал қилмоқда, дея аниқлик киритади Amu.tv.

Таҳририят Афғонистон ҳукуматининг расмий сайтларида мониторинг ўтказиб, бир қатор идоралар ушбу қонунга қатъий амал қилаётгани, расмий шахслар ўрнига бўш стуллар, мажлислар хоналари ёки байроқларнинг суратларини чоп этаётганини аниқлаган.

Бу ташкилотларга қуйидагилар киради:

✅ Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги;

✅ Адлия вазирлиги;

✅ Олий таълим вазирлиги;

✅ Молия вазирлиги;

✅ Шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиш вазирлиги.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, бошқа 18 ташкилот, жумладан Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари ўз фаолияти акс этган сурат ва видеоларни интернетга жойлаштиришда давом этмоқда.

Айрим давлат амалдорлари, масалан, Ҳабибулла оға бошчилигидаги Маориф вазирлиги «олтин ўрта» тактикасига амал қилади. Вазирликнинг расмий аккаунтларида одамларнинг сурати йўқ, аммо мутасаддилар иштирокидаги тадбирлардан суратларни бошқарма ходими Мансур Аҳмад Ҳамзанинг ижтимоий тармоқларида топиш мумкин. Айтганча, вазирнинг ўзи ҳам 2023 йилдан бери Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида бўлиб, у ерда аёллар ва қизлар ҳуқуқларини жиддий поймол қилгани учун киритилган.

Amu.tvнинг таъкидлашича, «Толибон» етакчиларининг ҳам бу борадаги фикрлари турлича. Шундай қилиб, Бош вазир ўринбосарлари Абдул Ғани Барадар ва Абдул Салам Ҳанафий ўз суратларини чоп этишга рухсат берган бўлса, Бош вазир Муҳаммад Ҳасан Охунд бунга фақат давлат ОАВларида ва асосан юқори мартабали хорижий расмийлар билан учрашувлардаги суратларга рухсат беради. Аммо Олий суд раҳбари Абдул Ҳаким Ҳаққоний ҳеч қачон ўз суратларини жойлаштирмайди, ахлоқ ҳақидаги қонун меъёрларига қатъий амал қилади.

Бироқ, таҳлилчилар фикрича, толиблар қонунга риоя қилишда ҳамжиҳат эмас – баъзида уларнинг манфаатларига жавоб берадиган суратлар чоп этилганда, улар ўрнатилган чекловларни хотиржамлик билан кўз юмишади.

Ўтган йил охирида толиблар тирик мавжудотларни суратга олишни тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, бу қоида Афғонистоннинг бир қатор вилоятларида: Қандаҳор, Вардак, Тохар, Бодғис ва Нангарҳорда кучга кирди. Бундан ташқари, айрим ҳудудларда мансабдор шахслар ахлоқ тўғрисидаги қонунга риоя қилишни фаол назорат қила бошлаганлар. Маҳаллий манбаларга кўра, икки томонлама стандартлар кузатилган. Масалан, радикал ҳаракат томонидан маъқулланган Ҳирот вилояти раҳбари ўринбосари очиқчасига камерада интервью берган, телевидениеда унинг иштирокидаги видео намойиш этилган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот

  • Тошкентда Тимур Д'Ватцнинг «Аркадия ҳақидаги орзулар» кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди