Қирғизистонда қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчи тўхтатилган жойнинг ўзида имтиҳон қилиниши мумкин

aki.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда 1 сентябрдан бошлаб ҳайдовчиларни тўхташ жойида йўл ҳаракати қоидалари билимини тестдан ўтказишга сабаб бўладиган қоидабузарликлар рўйхати белгиланди. Бу ҳақда брифингда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Байкази Айтиқул уулу маълум қилди, деб хабар беради Akipress.

Ҳайдовчилар қуйидаги қоидабузарликлар учун тўхтатилади ва йўл ҳаракати қоидаларини билиши юзасидан экспресс текширувдан ўтказилади:

▪️ транспорт воситасини ёмон техник ҳолатда бошқариш;

▪️ яширин ёки ўқиб бўлмайдиган давлат рақамларидан фойдаланиш;

▪️ милиция ходимларининг талабларини бажармаслик;

▪️ белгиланган тезликдан ошиб кетиш;

▪️ светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш;

▪️ автобезорилик;

▪️ транспорт воситаси бошқарувини маст ҳолатда бўлган шахсга топшириш;

▪️ қарама-қарши ҳаракатланиш чизиғига чиқиб кетиш;

▪️ ойналарни қонунга хилоф равишда қорайтириш ва махсус сигналларни (милтилловчи чироқлар) ўрнатиш;

▪️ йирик автотранспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан қоида бузилиши.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вакилининг тушунтиришича, кўрсатилган қоидабузарликлардан бирортаси аниқланган тақдирда ҳайдовчилик гувоҳномаси вақтинчалик олиб қўйилади, қоидабузар эса йўл ҳаракати қоидалари бўйича назарий имтиҳонни қайта топширишга юборилади. Шу билан бирга, лицензия бекор қилинмайди — у имтиҳондан муваффақиятли ўтгандан сўнг исталган қулай вақтда қайтарилиши мумкин.

Март ойида президентнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганларни тўғридан-тўғри тўхташ жойида қоидаларни билиши юзасидан экспресс синовдан ўтказиш тўғрисидаги буйруғини эълон қилар экан, давлат раҳбари матбуот котиби Аскат Алагозов имтиҳонни қайта топшириш нархини айтди: биринчи уриниш — 500 сом (6 доллар), иккинчиси — 1000 сом (11,5 доллар), учинчиси — 2000 сом (23 доллар), учинчиси — 4000 сом (46,5 доллар). Бутун жараён видеога ёзиб олинади.

Бу чора, Алагозовнинг сўзларига кўра, авваллари ҳайдовчиларнинг салмоқли қисми йўл ҳаракати қоидаларини амалда ўрганмай туриб гувоҳнома олгани учун киритилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилгача ҳайдовчиларнинг атиги 20-30 фоизи имтиҳонларни ҳалол топширган, кўп ҳолларда лицензиялар 15-20 минг сомга (175–233 доллар) сотиб олинган. Алагозовнинг таъкидлашича, билимларни мажбурий синовдан ўтказишни жорий этиш йўл интизомини яхшилаш ва бахтсиз ҳодисаларни камайтиришга қаратилган, чунки ҳар йили мамлакатда йўл ҳаракати қоидаларини билмаслик оқибатида юзлаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келаётган бахтсиз ҳодисалар рўй бермоқда.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди