Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси негизида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади

Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов. Президент матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси негизида Республика Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади. Шавкат Мирзиёев ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишганда шу ҳақда сўз юритилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий таълим муассасалари – 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази институт мақомида мазкур университет таркибига ўтказилади. Бу марказлашган вертикал тизимни ҳосил қилиб, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Сержантлар тайёрлаш олий мактабида армиянинг асосий таянчи бўлган сержантларни ўқитиш, уларда етакчилик қобилиятини шакллантириш, замонавий қуроллар ва янги тактик усуллар бўйича кўникмаларини оширишнинг янги тизими жорий этилади.

Янгиликлардан яна бири – тор доирадаги ихтисосликлар бўйича “2+2” тартиби йўлга қўйилишидир. Яъни, психолог, алоқачи, таъминотчи, омборчи каби 18 хил ёндош соҳа мутахассислари бошқа олий таълим муассасаларининг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинади.

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, янги ўқув йилидан бошлаб, битирувчи босқич курсантлари учун танлов асосида «Олий Бош Қўмондон» давлат стипендияси жорий этилади. Мазкур стипендия соҳиби бакалавриатни тамомлаганидан сўнг 5 йил мобайнида олий ҳарбий таълим муассасаларининг магистратурасига имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Эндиликда олий ҳарбий таълим муассасаларининг 36 та таълим йўналиши битирувчилари бирйўла иккита диплом – фуқаролик ва ҳарбий касбга мўлжалланган мутахассислик эгаси бўлади. Бу уларнинг ҳарбий хизматдан кейин ҳам фаол ишлаши имконини беради. Ҳарбий педагогларни етакчи хорижий давлатларда ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

ℹ️ Бундан олдин Ўзбекистон Президенти Қуролли Кучларни рақамлаштиришни жадаллаштириш, вазирлик ва идораларнинг соҳадаги барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот маконига бирлаштириш бўйича топшириқ берган эди. Давлат раҳбари ҳарбий таълим дастурларини илғор тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, ўқитувчилар малакасини ошириш, миллий армияни замонавий техника билан таъминлаш зарурлигини таъкидлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ