Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қамоқхоналарда жазо ўтаётган 247 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Туркменистан – Золотой век» нашри хабар берди.
Фармон Туркманистон ташаббуси билан БМТ томонидан 2025 йил Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилингани муносабати билан қабул қилинган.
Бердимуҳамедов 25 июль куни республика ҳукумати йиғилишида маҳкумларнинг бир қисмини афв этиш тўғрисидаги қарорни маълум қилди. Комиссия ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига маҳкумларни озод қилиш ва оилаларига қайтариш бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берди. Президент афв этилганларга мурожаатида уларни «виждонан меҳнат қилишга, Ватанга сидқидилдан хизмат қилишга, ҳалол меҳнат самарасидан баҳраманд бўлиб яшашга» чақирган.
Turkmen.news хабарига кўра, афв этилганлар орасида асосан ўғирлик ва оғир оқибатларга олиб келган ёки катта миқдорда моддий зарар етказган йўл-транспорт ҳодисалари учун судланганлар бор. Таниқли сиёсий маҳбуслар рўйхатга киритилмаган.
ℹ️ Туркманистонда маҳбусларни оммавий афв этиш одатда йилига уч марта содир бўлади ва у мамлакат Мустақиллик куни, Халқаро бетарафлик куни ва Қадр кечаси каби давлат ва диний байрамларга тўғри келади. Шу тариқа, жорий йил март ойида Бердимуҳамедов Қадр кечаси муносабати билан 321 нафар маҳбусни афв этди. 2024 йил декабрь ойида Халқаро бетарафлик куни муносабати билан 276 нафар, ўша йилнинг сентябрь ойида эса мамлакат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан 736 нафар фуқаро озодликка чиқарилганди. ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги йилларда Туркманистонда афв этилганлар сони 20 минг кишидан ошган.