Футбол бўйича Тожикистон терма жамоаси дарвозабони Россия клуби устидан шикоят қилди

Олег Баклов. ТФФ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон терма жамоаси дарвозабони Олег Баклов «Уфа» клуби устидан Россия футбол иттифоқи низоларни ҳал қилиш палатасига расмий шикоят билан мурожаат қилди. Бу ҳақда журналист Сергей Ильев хабар берди.

Журналист айнан нима устидан шикоят қилинганига аниқлик киритмаган. Бироқ унинг ёзишича, Тожикистон терма жамоаси дарвозабони ўтказиб юборилган голдан сўнг ўзбошимчалик билан жамоа машғулотларини тарк этиши билан «воқеа бошланган». Бунинг учун клуб уни трансферга қўйган. Биринчи лиганинг яна бир клуби «Челябинск» Бакловни қўлга киритмоқчи бўлган ва уфаликлар дарвозабонни текинга қўйиб юборишга тайёр бўлган, бироқ у шартнома бекор қилингани учун олти ойлик маоши миқдорида товон пули талаб қилган.

Шу билан бирга, россиялик журналист «воқеа бироз олдинроқ бошлангани» ҳақида сукут сақламоқда. «Фарғона» хабарига кўра, Бакловнинг «Уфа» билан шартномаси шу йилнинг ёзида якунига этган. Унга шартномани узайтириш таклиф қилинган ва Баклов клубнинг асосий дарвозабони бўлиб қолишга ваъда берган. Дарвозабон бошқа клублар, жумладан, хориждан келган таклифларни рад этиб, рози бўлган. Бироқ орадан бир неча кун ўтиб «Уфа» кутилмаганда клуб афсонаси, Россия терма жамоасининг собиқ дарвозабони Александр Беленов билан шартнома имзолаган ва унга асосий таркибдан жой берилган. Баклов юзага келган вазиятни раҳбарият томонидан келишувларнинг бузилиши сифатида қабул қилган.

ℹ️ Олег Баклов — Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Табошар шаҳрида туғилган, ёшлигида оиласи билан Россияга кўчиб ўтган. Профессионал фаолиятини «Сызрань-2003» клубида бошлаган. 2018 йили у Екатеринбургнинг «Урал»ига кўчиб ўтади, аммо у жамоанинг асосий дарвозабонига айланолмайди. У «Урал-2»да ўйнаган ва 2021/2022 йилги мавсумни Набережние Челнининг КАМАЗ клубида ижара асосида ўтказган. 2023 йили у «Уфа» билан шартнома имзолаган. Баклов жамоанинг кўтарилишида ёрдам берган. Тожикистон терма жамоаси сафида 6 та ўйин ўтказган.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди