Ўзбекистон ДХХ раҳбари бошчилигидаги делегация Афғонистонда бўлди

Баҳодир Қурбонов (чапда) ва Сиражуддин Ҳаққоний. ariananews.af сайти фотосурати

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди. Бу ҳақда ДХХ Telegram-канали хабар берди.

Кобулда Разведка хизмати раҳбари, шунингдек, толиблар* ҳукуматидаги Мудофаа ва Ички ишлар вазирлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Афғонистон разведкаси раҳбари Абдул Ҳақ Восик билан музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида барқарорликни таъминлаш, трансчегаравий таҳдидлар олдини олиш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон гуманитар ёрдам кўрсатиш ва Афғонистоннинг минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга интеграциялашувига кўмаклашишда давом этаётгани таъкидланди.

Шу куни Ўзбекистон делегацияси Ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққоний ва Мудофаа вазири Муҳаммад Яқуб билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Музокараларда муваққат ҳукуматнинг юқори мартабали вакиллари, жумладан, Мудофаа ва Ички ишлар вазирлари ўринбосарлари, шунингдек, гиёҳвандликка қарши кураш ва жамоат тартибини сақлашга масъул хизматлар раҳбарлари иштирок этди.

Толибларга кўра, учрашувда чегарадаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда синтетик ва анъанавий гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши кураш ҳақида сўз юритилган. Томонлар Ўзбекистоннинг Афғонистондаги жорий ва истиқболдаги иқтисодий лойиҳалари атрофида хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳимлигини таъкидлаганлар. Ҳаққоний Ўзбекистон разведкаси раҳбарининг ташрифини «икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги самарали қадам» деб атаган ва делегация ташрифи давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш контекстида муҳимлигини қайд этган.

Афғонистон Мудофаа вазири билан учрашувда чегара ҳудудларида ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Транспорт-логистика йўлакларида хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Tolonews таъкидлашича, Ўзбекистон делегацияси билан учрашувлар Афғонистон Мудофаа вазирлиги штаби раҳбари Фасиҳуддин Фитратнинг баёнотлари фонида ўтказилган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ИШИД*нинг таъсири кескин пасайган ва улар фаолияти ҳақидаги маълумотларнинг аксарияти ташвиқотдан бошқа нарса эмас. Толиблар ҳокимиятга келганидан сўнг ИШИД қолдиқ гуруҳлари локал муаммоларни келтириб чиқарган, аммо ҳозир вазият назорат остида, деган Фитрат. Унинг қўшимча қилишича, бошқа қуролли гуруҳлар фаолияти амалда тўхтаган. Фитратнинг сўзларига кўра, чегарада назоратни кучайтириш доирасида 15 та чегара бригадалари ташкил этилган, 340 км йўл ётқизилган ва 765 та чегара пости жойлаштирилган.

*Кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ