Хитойлик инвесторлар Жиззах вилоятидаги Зомин технопарки махсус саноат зонасида илк лойиҳани ишга туширишди. Бу ҳақда 22 июль куни саноат зонаси иши билан танишган Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Илк корхона — Xinjiang Honglin Tiandi компанияси томонидан қиймати 10 миллион долларлик бетон маҳсулотлари тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. 60 кишининг бандлиги таъминланди.
Иккинчи лойиҳа – Midea бренди остида йилига 300 минг дона маиший электр техникалари ишлаб чиқарилади. 150 та иш ўрни очилади.
Биринчи босқичда махсус саноат зонасига 9 та лойиҳа жойлаштирилган, яна 7 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Умумий инвестициялар ҳажми қарийб 300 миллион долларни ташкил этади. Бу ерда қурилиш материаллари, металл конструкциялар, электротехника ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, логистика ва тренинг маркази ташкил этилади.
Иккинчи босқич умумий қиймати 250 миллион доллар бўлган 5 та янги лойиҳани ўз ичига олади. Улар орасида тиббий ва хавфсизлик ускуналари ( Longze Investment Group билан биргаликда), шунингдек, Foxit компанияси билан ноутбук, планшет, сервер, роутер каби замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, чарм ва спорт пойабзаллари, қурилиш материаллари, чинни идишлар, кимё маҳсулотлари бўйича лойиҳалар кўзда тутилган.
ℹ️ Зомин технопарки 400 гектар майдонда барпо этилмоқда. Президентнинг тегишли фармойишидан сўнг 2024 йил июнь ойида амалга оширила бошланди. Биринчи босқичда хитойлик инвесторлар иштирокида 31 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Асосий йўналишлар қурилиш индустрияси, машинасозлик, электроника, логистика ва хомашёни қайта ишлашдир.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, барча ташаббусларнинг амалга оширилиши йилига қарийб 5 триллион сўмлик (397 миллион доллар) саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 70 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имконини беради. Лойиҳа доирасида жами 5000 дан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, инвесторларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртаси малакали кадрларни тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.
ℹ️ Президент матбуот хизмати хабарига кўра, кейинги йилларда Жиззах вилоятига хорижий инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошган. Агар 2018 йили у атиги 18 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2024 йил охирига келиб у 1 миллиард доллардан ошган. Кейинги саккиз йилда вилоятга 3,7 миллиард долларлик сармоя жалб этилган, 4 мингдан ортиқ саноат корхонаси фойдаланишга топширилган, хориж иштирокидаги корхоналар сони 260 дан ошган.