Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида нефть маҳсулотлари контрабандасига мўлжалланган туннел йўқ қилинди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда Ўзбекистон билан чегарадаги нефть маҳсулотлари контрабандасига мўлжалланган ер ости туннелига оид текширув ишлари якунланди, деб хабар беради Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) матбуот хизмати.

Икки давлат чегараси ҳудудида бир гуруҳ одамлар 450 метр узунликдаги ер ости туннелини қурганлар. Икки ой давомида жиноятчилар «хориждан молиялаштириш, логистика, ёқилғи-мойлаш материаллари экспортини ўз ичига олган барқарор контрабанда схемасини ўрнатган», — дейилади хабарда.

Қозоғистон томони билан бир қаторда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам ўз ҳудудида «кўзгу» тадбирларини амалга оширган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноий схеманинг барча иштирокчилари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари аниқланган. Қозоғистоннинг беш фуқароси гумонланувчи сифатида тан олинган. Иш судга юборилди, деб хабар берди ММА.

Контрабандачилар кўпинча икки давлат ўртасида юк ташишда шундай схемалардан фойдаланадилар. Ўтган йили Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида яшовчи фуқаронинг уйидан Қозоғистонга олиб борувчи туннел аниқланган эди. У Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори-дармонларни контрабанда қилиш учун ишлатилган. Туннел узунлиги 310 метр бўлиб, ёруғлик ва ҳаво вентиляцияси тизимлари, юкларни ташиш учун аравачалар ва арқонлар билан жиҳозлангани хабар қилинганди.