Мирзиёев нефть ва газ қазиб олишни кўпайтириш, узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди

utg.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нефть-газ саноатидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, углеводород қазиб олишни кўпайтириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда 21 июл куни хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг бориши ва истиқболларига бағишланган тақдимотда сўз юритилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президентга ишга туширилган қатор лойиҳалар, эришилган давлатлараро келишувлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Озарбайжоннинг “Socar” компанияси билан Устюртдаги конларда қидирув ўтказиб, нефть қазиб олиш бўйича келишувга эришилган. Биргаликда истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини олиб бориш режалаштирилган. Шунингдек, бошқа хорижий давлатлар билан мураккаб конларни ўзлаштириш, соҳани рақамлаштириш, талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилинмоқда.

Тақдимот чоғида Мирзиёев қуйидаги топшириқларни берди:

👉 истиқболли майдонлар бўйича аниқ лойиҳаларни шакллантириш;

👉 геология-қидирув ишларидан тайёр маҳсулот олишгача бўлган тўлиқ занжирни йўлга қўйиш;

👉 замонавий бурғулаш технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш;

👉 мавжуд қўшма ва хорижий корхоналарда қудуқлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳисобига нефть ва газ қазиб олишнинг ҳақиқий ҳажмларини ошириш.

ℹ️ Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 21,78 миллиард куб метр табиий газ ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 фоизга камдир. Нефть қазиб олиш ҳам 11,2 фоизга камайиб, 323,8 минг тоннани ташкил этган. Бензин ишлаб чиқариш 14,8 фоизга камайиб, 575,6 минг тоннани ташкил этган. Шу билан бирга, кўмир қазиб олиш 16,5 фоизга ошиб, 3,07 миллион тоннани ташкил этган. Дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш 10,4 фоизга ўсиб, 557,5 минг тоннани ташкил этган.

✅ Йиғилишда келгуси қиш мавсумда барқарор энергия таъминотини таъминлаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан:

▪️ Таллимаржон иссиқлик электр станциясида 1 минг 65 мегаваттли иккита буғ-газ қурилмаси;

▪️ Сирдарёда 1 минг 573 мегаваттли иссиқлик электр станцияси барпо этиш;

▪️ 2025 йили Тошкент, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 162 МВт бўлган гидроэлектр станцияларини ишга тушириш.

Мазкур иншоотларда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг йиллик ҳажми ИЭСларда 20 миллиард кВт/соатдан ортиқ, ГЭСларда эса 648 миллион кВт/соатни ташкил этиши кутилмоқда.

Президент республикада бутун энергетика ва газ инфратузилмасини босқичма-босқич модернизация қилиш, энергия етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Айни пайтда тегишли тармоқ ва подстанцияларни таъмирлаш ишлари ҳам бошланган. Иссиқлик станциялари барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар захиралари шакллантирилмоқда, дея қўшимча қилади давлат раҳбари матбуот хизмати.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ