Хитой илк бор Тожикистоннинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди

mir24.tv сайти фотосурати

Хитой биринчи марта Тожикистоннинг асосий савдо шериги мавқеини эгаллаб, 1990 йилларнинг охиридан бошлаб республика ташқи савдосида устунлик қилиб келаётган Россияни ортда қолдирди. Бу ҳақда Тожикистон Статистика агентлигига таяниб «Азия-плюс» нашри хабар берди.

2025 йилнинг биринчи беш ойи якунларига кўра, тожик-хитой товар айирбошлаш ҳажми 964 миллион долларни ташкил этган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, Тожикистондан Хитойга маҳсулот экспорти 177 миллион доллардан ошган, Хитой товарлари импорти эса қарийб 787 миллион долларни ташкил этган. Республика ташқи савдосининг умумий таркибида Хитой билан савдонинг улуши 24,8 фоизга етган ва биринчи марта Россиянинг 23,2 фоиз улушидан ошиб кетган.

Бу даврда Тожикистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 900 миллион долларни ташкил этган. Ушбу маблағнинг 858 миллион доллари Россиядан импорт қилинган бўлса, Тожикистон маҳсулотларининг РФга экспорти сезиларли даражада кам — 42 миллион долларни ташкил этган. Шунга қарамай, 2024 йилнинг биринчи беш ойи билан солиштирганда Россия билан ўзаро савдо айланмаси 9,3 фоизга ўсган.

«Азия-плюс» нинг қайд этишича, 2017 йили Пекин республика иқтисодиётига капитал қўйилмалар ҳажми бўйича Москвадан ўзиб кетган. Ҳозир, расмий маълумотларга кўра, Хитой сармояларининг умумий ҳажми 5,1 миллиард долларга етган, Россияники эса 2 миллиард долларни ташкил этади. Хитой сармояларининг қарийб 70 фоизи тўғридан-тўғри инвестициялардир.

Хитой компаниялари энергетика, инфратузилма, қурилиш, телекоммуникация, тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларига фаол сармоя киритмоқда. Хитой йўллар, туннеллар ва электр узатиш линиялари қурилишига миллионлаб доллар сармоя киритган ва Хитой сармояси иштирокидаги компаниялар Тожикистондаги энг йирик солиқ тўловчилар қаторига киради.

Хитой, шунингдек ушбу Марказий Осиё республикасининг энг йирик ташқи кредитори бўлиб қолмоқда. 2025 йил бошида Хитойга давлат қарзи қарийб 1 миллиард долларни ташкил этган, бу Тожикистон умумий ташқи қарзининг қарийб учдан бир қисмига тенг.

ℹ️ 1990 йиллари Тожикистон мустақилликка эришгач, Ўзбекистон мамлакатнинг асосий савдо шериги бўлган: 1995 йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 250 миллион долларга етган, бу бошқа барча МДҲ давлатлари билан товар айирбошлашдан икки баравар кўп бўлган. Бироқ, 1990 йилларнинг охиридан бошлаб, давлатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганидан сўнг, тожик-ўзбек савдо айланмаси изчил пасая бошлаган ва 2014 йилга келиб 13 миллион долларга тушган. Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви бошланиши билан мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада яхшиланди ва бу эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ошишига олиб келди. Шу тариқа, биргина жорий йилнинг беш ойида тожик-ўзбек товар айирбошлаш ҳажми 238 миллион долларни ташкил этди.