6 июль куни Бразилияда бўлиб ўтган БРИКС саммитида Ўзбекистон ва Қозоғистон бошқа саккиз давлат қатори расман ташкилот ҳамкорлари деб топилди.
«Биз Индонезия Республикасини БРИКС аъзоси сифатида, шунингдек, Беларусь Республикаси, Кўп миллатли Боливия давлати, Қозоғистон Республикаси, Куба Республикаси, Нигерия Федератив Республикаси, Малайзия, Таиланд Қироллиги, Вьетнам Социалистик Республикаси, Уганда Республикаси ва Ўзбекистон Республикасини БРИКСга аъзо давлатлар сифатида қутлаймиз», — дейилади Рио -де-Жанейро саммитининг қўшма баёнотида.
2024 йил декабрь ойи охирида Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Ўзбекистон ва Қозоғистон 2025 йил 1 январдан расман БРИКС бўйича ҳамкор давлатлар мақомини олишини маълум қилган эди.
👉 Эслатиб ўтамиз, 7 июль куни АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида БРИКСнинг «Америкага қарши сиёсати»ни қўллаб-қувватловчи давлатларга қўшимча 10 фоизлик савдо божлари жорий этишини маълум қилганди.
Бунга жавобан Хитой ва Россиянинг расмий вакиллари БРИКС ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик платформаси экани, блоклар қарама-қаршилигида қатнашмайдиган ва ҳеч қандай давлатга қарши қаратилмаганини таъкидлагандилар. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин БРИКС механизми бошқа давлатларга қарши қаратилганини таъкидлаганди. «Божлар жорий этилишига келсак, Хитой бир неча бор ўз позициясини тушунтирганди, савдо ва тариф урушларида ғолиблар бўлмайди, протекционизм эса боши берк кўчага олиб боради», — деган Мин.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам БРИКС доирасидаги ўзаро ҳамкорлик учинчи давлатлар, жумладан, АҚШга қарши эмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, ассоциациянинг ўзига хослиги шундаки, у умумий ёндашув ва дунёқарашга эга мамлакатларни бирлаштиради, бошқа давлатлар билан қарама-қаршиликка бормайди.
ℹ️ БРИКС (BRICS) — 11 давлатдан иборат ассоциация: унинг беш аъзосининг биринчи ҳарфлари ташкилот номини ташкил этади — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка. 2024-2025 йиллари ташкилотга олтита янги аъзо давлатлар қабул қилинган — Миср, Эфиопия, Индонезия, Эрон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари. Ташкилот 2006 йил июнь ойида ташкил этилган.
БРИКС ҳамкор давлатлари тоифасини яратиш тўғрисидаги қарор 2024 йил октябрь ойида Қозонда бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган. Ҳамкор мамлакатлар вакиллари БРИКС саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари йиғилишлари доирасидаги якка тартибда учрашувларга, шунингдек, ассоциациянинг бошқа тадбирларида иштирок этиш учун таклиф этилади.