Путин Қирғизистонда рус тилига алоҳида мақом берилгани учун Жапаровга миннатдорчилик билдирди

ВЛАДИМИР ПУТИН ВА САДИР ЖАПАРОВ. ҚИРҒИЗИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Россия президенти Владимир Путин қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаровга Қирғизистонда рус тилига алоҳида мақом берилгани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда РФ раҳбари Жапаровнинг амалий ташрифи доирасида Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида маълум қилди, дея хабар беради Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати.

«Қирғизистонда рус тилига алоҳида мақом берилганини таъкидлаб ўтмоқчиман ва сизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу бизга бошқа қатор соҳаларда, жумладан, иқтисодий соҳада ҳам самаралироқ ишлаш имконини беради», — дея Путин сўзларидан иқтибос келтиради Kremlin.ru.

Россия президенти Қирғизистондаги 43 мактабда 200 нафар россиялик ўқитувчи ишлаётганини, республикада рус тилида ўқитиладиган мактаблар сонини кўпайтириш режалаштирилаётганини эслатди.

Путин савдо-иқтисодий муносабатлардаги ижобий динамикани қайд этди: ўтган йили Россия ва Қирғизистон ўртасидаги товар айланмаси 11 фоиздан ортиқ, жорий йилнинг тўрт ойида эса яна 17 фоизга ўсган. Шунингдек, у Россия корхоналарининг Қирғизистондаги фаол иштироки ва Россия-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти самарадорлигига эътибор қаратди.

Садир Жапаров, ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканини таъкидлади.

«Мамлакатларимиз ўртасида тўлиқ ўзаро англашув ва ишонч ҳукм сурмоқда, ҳеч қандай сиёсий келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар йўқ», — деди Қирғизистон президенти.

Мулоқот чоғида президентлар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва миграция соҳаларини муҳокама қилдилар, Қирғизистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканидан мамнун эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари барча муҳим йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттириш ниятида эканликларини тасдиқладилар. Жапаров Путинни 2025 йил ноябрь ойида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) Коллектив хавфсизлик кенгаши сессиясида иштирок этиши учун Қирғизистонга таклиф қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ