Швеция Апелляция суди МТСнинг Туркманистонга қарши барча даъволарини тўлиқ рад этди

akipress.org сайти фотосурати

2025 йил 27 июнь куни Свеа апелляция суди (Швеция) Россиянинг «Мобильные ТелеСистемы» (МТС) компаниясининг Туркманистонга қарши барча даъволарини тўлиқ рад этди. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу билан бирга, суд МТСни Швециядаги суд жараёнлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун қўшимча 589 минг евро тўлашга мажбур қилди. Суд қарори устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

Аввалроқ, 2023 йил июнь ойида Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID) ҳам МТСнинг Туркманистондан 2 миллиард долларгача товон пули талаб қилган даъвосини бутунлай рад этган эди. Арбитраж МТСнинг операцион шартномаси Туркманистон қонунчилигига кўра муддати тугаган қонуний тижорат шартномаси эканини тан олган ва компания уни узайтириш ҳуқуқига эга бўлмаган.

«Шунингдек, трибунал Туркманистон МТСга қарши ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этмаган деб қарор қилди ва МТСнинг қонунга хилоф деб топилган чоралар бўйича бошқа барча даъволарини рад этди», — дейилади ТИВ хабарида.

ICSID МТСга Туркманистонга суд ва арбитраж харажатлари учун 11 миллион доллардан ортиқ компенсация тўлашни буюрди. Россия компанияси Швеция судларида арбитраж қарорига эътироз билдиришга ҳаракат қилган, чунки Стокгольм тафтиш ўтказиладиган жой сифатида белгиланган. Бироқ, Свеа апелляция суди Туркманистон позициясини қўллаб-қувватлаган.

ℹ️ МТС Туркманистонда 2005 йили ишлай бошлаган ва 2,5 миллионга яқин абонентга хизмат кўрсатган. 2010 йили радиочастоталардан фойдаланиш бўйича шартнома муддати тугаганидан сўнг Туркманистон расмийлари компания лицензиясини узайтирмаган ва МТС ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Ўшанда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистонни халқаро арбитражга мурожаат қилиш билан таҳдид қилган.

2012 йили МТС тармоқни қайта ишга тушириш учун 1,5 миллион доллар сармоя киритиб, фаолиятини қайта тиклаган. Бироқ, 2017 йили Туркманистон расмийлари лицензияни узайтиришдан яна бош тортган. Бу вақтга келиб бозорда маҳаллий оператор «Ай Назар» пайдо бўлган. МТС ўз фаолиятини яна тўхтатган ва 2018 йил июнь ойида мамлакатдаги активларини сотганини эълон қилган.

Худди шу даврда компания Туркманистонни ҳуқуқларни бузганлик ва сармояларни экспроприация қилишда айблаб, Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро марказига (ICSID) даъво аризаси билан мурожаат қилган. МТС дастлаб ўз йўқотишларини 750 миллион долларга баҳолаган бўлса, 2019 йил апрелида даъво миқдорини 1,5 миллиард долларга оширган ва буни янги мустақил баҳолаш натижалари билан изоҳлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ