HRW Туркманистонни жазо муддатини ўтаб бўлган фаол Мурат Душемовни озод қилишга чақирди

Мурат Душемов. turkmen.news сайти фотосурати

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Туркманистон ҳукуматини жазо муддати тугаганидан кейин ҳам қамоқда сақланаётган фаол Марат Душемовни зудлик билан озод қилишга чақирди. Бу ҳақда HRW расмий сайтида чоп этилган ташкилот баёнотида сўз юритилади.

«Ҳукумат фаол Мурат Душемовни зудлик билан ва сўзсиз озод қилиши ва унинг ҳибсда сақлаш муддатини узайтириш бўйича барча таҳқирли уринишларни бас қилиши керак», — дейилади баёнотда.

Мурат Душемов тўрт йиллик қамоқдан сўнг 14 июнь куни озод этилиши керак эди. Аммо бу содир бўлмади, чунки камерадоши қўли синганини айтиб, фаол устидан шикоят қилган. Натижада янги жиноий иш қўзғатилиб, суд жараёни июнь ойи охирида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бир неча кун олдин Душемов онасига ўзига қарши провокация уюштирилгани ҳақида хабар юборган — ўзини деворга уриб шикастланган маҳбуснинг кўрсатмаси асосида янги иш уйдирилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, аввалги ҳукм ҳам уйдирма бўлган.

«Душемов ўзининг тинч фаолияти учун аллақачон даҳшатли адолатсизликка учраган. Туркманистон ҳукумати уни зудлик билан қўйиб юбориши ва бошқа уйдирма таъқиб ва ​​адолатсиз судга тортмаслиги керак», — дейди HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Рейчел Денбер.

ℹ️ 2021 йил 16 август куни Душемов товламачилик ва қасддан баданга ўртача оғирликда шикаст етказишда айбдор деб топилиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилганди. Қамоққа олинишидан олдин у Туркманистонда COVID-19 тарқалишига оид видеоблогини юритган. Жумладан, унда фаол мажбурий эмлаш ҳақида билишга уринган клиника видеоси намойиш этган. Шундан сўнг Душемов жаримага тортилган.

Орадан бир ой ўтмай, фаол ва унинг дўстлари Ашхободдан Тошҳовузга кетаётганда полиция ходимлари уларни назорат пунктида тўхтатишган, коронавирус йўқлиги тўғрисида маълумотнома кўрсатишни сўрашган. Улар полиция ходимларидан гувоҳномаларини кўрсатишни талаб қилишган, оқибатда йўловчилар ҳибсга олинган. Суд Душемов ва унинг шеригини 15 суткага ҳибсга олган. Шундан сўнг фаолга нисбатан икки модда бўйича жиноий иш очилган. У камерада муштлашганликда, шунингдек, эмлаш ҳақидаги видеони чоп этмаслик учун клиника бош шифокоридан пора талаб қилганликда айбланган.

2023 йили Душемов бошқа уч нафар сиёсий маҳбус билан биргаликда БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонасига ҳуқуқий тартибсизликлардан ҳимоя қилишларини сўраб хат йўллаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ