Туркманистонлик такси ҳайдовчиси россиялик пенсионерни фирибгарлардан қутқариб қолди

info-rm сайти фотосурати

Туркманистонлик такси ҳайдовчиси Саранскда яшовчи 88 яшар аёлнинг фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик ва 600 минг рубль (7,7 минг доллар) пулини сақлаб қолишига ёрдам берган. Бу ҳақда info-rm хабар берди.

Мордовияда 10 йилдан ортиқ яшаб, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган 31 ёшли Туркманистон фуқароси Саранскдан Қозонга пакет етказиб бериш бўйича буюртма олади. У кўрсатилган манзилга етиб келади, у ерда уни кекса бир аёл кутиб олади. У такси ҳайдовчисига набираси учун нарсаларни беради. Такси ҳайдовчиси пакетни қабул қилиб, Татаристонга йўл олади.

Йўлда у фирибгарлик схемаларини эслайди ва у пакетнинг мақсадига нисбатан шубҳа қилади. Ульяновск вилояти бўйлаб ҳайдаб кетаётиб, эркак йўл полицияси ходимларига мурожаат қилади ва улар пакетни очишади. У ерда скотч билан ўралган китоблар, унинг варақлари орасига беш минг сўмлик қоғозлар яширилган бўлган. Жиноят қидирув ходимлари кейинги тергов давомида ашёларни топширган пенсионерни аниқлашган.

Аёлнинг сўзларига кўра, 19 июнь куни унга номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ўзини уяли алоқа компанияси ходими деб таништирган ва СИМ-картасининг муддати ўтиб бораётганини тушунтирган. Шартномани янгилаш учун у СНИЛС рақамини (индивидуал шахсий ҳисобнинг суғурта рақами) тақдим этиши сўраган. Шундан сўнг дарҳол пенсионер аёл билан ўзини банк ходимиман деган шахс боғланади ва фирибгарлар унинг номидан Украина банк ҳисобига пул ўтказмоқчи бўлишганини айтади. Фирибгарлар кекса аёлнинг нақд пули бор-йўқлигини сўрашган ва ижобий жавоб олгандан сўнг, купюраларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун такси ҳайдовчиси орқали пулни бериб юборишни талаб қилишган.

Мазкур ҳолат юзасидан фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, жиноятга алоқадор шахслар аниқланмоқда. Пул жабрланувчига қайтарилган.

Туркманистонлик такси ҳайдовчисининг исми-шарифи, шунингдек, у жабрланувчи ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан миннатдорчилик олган-олмагани ҳақида маълумот берилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ