Янги суд жараёнини кутаётган туркман фаоли қамоқхонадаги провокация ҳақида гапириб берди

aa.com.tr сайти фотосурати

Гўёки бошқа бир маҳбусни калтаклагани учун қамоқдан чиқарилмаётган туркман фаоли Мурат Душемовнинг айтишича, янги айблов провокация ва туҳматдир. У ўз версиясини адвокат орқали онасига етказган, деб ёзади Turkmen.news нашри.

Нашрнинг таъкидлашича, сиёсий маҳбуснинг онаси Тязегул Маммедова камерадошига тан жароҳати етказгани бўйича янги ишда унинг ўғлига адвокат берилганини аниқлаган. Аёл Душемовнинг сўзларини етказган адвокат билан гаплашган. Ушбу версияга кўра, жабрланувчи номақбул ҳаракат қилган.

«Менга қарши ариза ёзган шахс ўзини деворга уриб, ўзига жароҳати етказди ва деворни қонга бўяди. Бу ерда қолишимни узайтириш учун яна туҳмат қилмоқчи бўлишёпти», — деган Душемов адвокатга.

ОАВ бу провокацияни фаолдан фуқаролик позицияси учун ўч олмоқчи бўлган туркман махсус хизматлари уюштирган деб ҳисобламоқда. Сохта иш бўйича яна қамоқ жазоси берилиши давлатнинг халқаро майдондаги обрўсига ва шахсан Президент Сердар Бердимуҳамедовнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатишини тушунган Миллий хавфсизлик вазирлиги бу жараённинг ошкора бўлишига йўл қўймаслик учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Маълумки, яқинда маҳкум оиласининг уйида интернет узилган. Маҳкумнинг қариндошлари Wi-Fi- ускунаси устидан шикоят қилмаганига қарамай, фойдаланувчиларнинг илтимосига кўра маълум бир шахс келган. Унинг устачилигидан сўнг Интернетга уланиш имконсиз бўлиб қолган.

Бундан ташқари, Душемовнинг онаси бир неча кундан бери ўғлини кўра олмаяпти. У янги иш очилгандан сўнг, ўғли Туркманободдаги LB-D/9 тергов изоляторига («Абди шукур» қамоқхонаси) ўтказилганини билган ва ҳатто у ерга посилкани етказиб беришга муваффақ бўлган. Аммо ўғли билан учрашолмаган, чунки қамоқхона навбатчиси аёлни раҳбариятга жўнатган, турма ходимлари эса «касаллик», «қабул қилинмайдиган кунлар» баҳонасида у билан гаплашишдан бош тортган.

Мурат Душемов тўрт йиллик қамоқдан сўнг 14 июнь куни озод этилиши керак эди. Аммо бу содир бўлмади, чунки унинг камерадоши фаол устидан шикоят қилган — гўёки Душемов унинг қўлини синдирган. Натижада янги жиноий иш очилган, суд июнь ойи охирида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

2021 йил 16 август куни Душемов товламачилик ва қасддан баданга ўртача оғирликда шикаст етказишда айбдор деб топилиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилганди. Қамоққа олинишидан олдин у Туркманистонда COVID-19 тарқалишига оид видеоблогини юритган. Жумладан, унда фаол мажбурий эмлаш ҳақида билишга уринган клиника видеоси намойиш этган. Шундан сўнг Душемов жаримага тортилган.

Орадан бир ой ўтмай, фаол ва унинг дўстлари Ашхободдан Тошҳовузга кетаётганда полиция ходимлари уларни назорат пунктида тўхтатишган, коронавирус йўқлиги тўғрисида маълумотнома кўрсатишни сўрашган. Улар полиция ходимларидан гувоҳномаларини кўрсатишни талаб қилишган, оқибатда йўловчилар ҳибсга олинган. Суд Душемов ва унинг шеригини 15 суткага ҳибсга олган. Шундан сўнг фаолга нисбатан икки модда бўйича жиноий иш очилган. У камерада муштлашганликда, шунингдек, эмлаш ҳақидаги видеони чоп этмаслик учун клиника бош шифокоридан пора талаб қилганликда айбланган.

2023 йили Душемов бошқа уч нафар сиёсий маҳбус билан биргаликда БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонасига ҳуқуқий тартибсизликлардан ҳимоя қилишларини сўраб хат йўллаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ