Жаҳон банки Ўзбекистонга кичик гидроэнергетикани ривожлантириш учун 150 миллион доллар ажратади

Ўзбекистон Молия вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Жаҳон банки Ўзбекистонда кичик гидроэнергетикани ривожлантириш ва электр таъминоти ишончлилигини ошириш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш учун 150 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа 2025-2030 йилларга мўлжалланган бўлиб, хусусий сектор – кичик гидроэлектростанцияларнинг маҳаллий қурувчилари ва банкларнинг фаол иштирокини кўзда тутади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб икки баробарга ошади ва 120 миллиард киловатт-соатдан ошади. Айни пайтда ишлаб чиқариш ҳажми ўсишига қарамай, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 10 фоизга яқин эҳтиёжи қондирилмай қолмоқда, бу эса, айниқса, қишлоқ жойларда ва энергия таъминоти паст бўлган ҳудудларда мунтазам узилишларга олиб келмоқда. Асосий сабаб — энергияни узатиш ва тақсимлаш инфратузилмасининг эскирганлиги.

Янги лойиҳа мавжуд суғориш каналларидан фойдаланган ҳолда қуввати 100 кВт дан 5 МВт гача бўлган кичик ГЭСларни қуришни назарда тутади. Бу, айниқса, чекка ҳудудларда электр таъминоти ишончлилигини ошириш, шунингдек, қўшимча иш ўринлари яратиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш имконини беради.

Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилга бориб 3000 га яқин кичик ГЭС қуришни ва уларнинг умумий қувватини 160 МВтга етказишни режалаштирмоқда. Бу қўшимча 280 минг аҳолини электр энергияси билан таъминлаш ва гидроэнергетика инфратузилмасини кенгайтириш учун 38 миллион долларга яқин хусусий сармояни жалб этилиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида 2030 йилга бориб, умумий қуввати 150 МВт гача бўлган, ҳар йили 520 гигаватт-соатдан ортиқ экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарадиган кичик ГЭСларни ишга тушириш режалаштирилган. Бу карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 430 минг тоннагача камайтириш имконини беради. Кичик ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси давлат тармоқлари томонидан сотиб олинади ва кам таъминланган ҳудудлардаги уй хўжаликлари ва корхоналарни таъминлашга йўналтирилади.

Ҳозирда кичик ГЭСлар қуриш учун 270 га яқин майдонлар аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти мавжуд суғориш каналларида жойлашган. Лойиҳа, шунингдек, хусусий инвесторларнинг кичик гидроэнергетика бозорига кириши учун техник ёрдам бериш, ўқитиш ва шарт-шароит яратишни назарда тутади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ