
24 июнь куни Улан-Баторда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш асосий мавзу бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Учрашув Мўғулистон Давлат саройида бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилдилар. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш, соғлиқни сақлаш, таълим, электрон тижорат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар имтиёзли савдо ва сармояларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни қабул қилишни жадаллаштириш, шунингдек, саноат кооперациясини, жумладан, тоғ-кон соҳасидаги шериклик, геология-қидирув соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар. Улан-Баторда қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон Геология вазирлигининг ваколатхонаси очилди.
Йил охиригача икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади, бу эса транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлайди. Шунингдек, халқаро экспертлар билан биргаликда денгизга чиқа олмайдиган давлатлар учун самарали транспорт йўлакларини аниқлаш таклиф этилди.
Гуманитар соҳада томонлар маданий алмашинувларни ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини қўллаб-қувватлаш ва мўғулистонлик ёшларнинг Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқишини қайта тиклашга келишиб олдилар. Шу кунларда Улан-Баторда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда.
Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан аҳдлашилди. Якунда Мирзиёев Мўғулистон Президентини жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
ℹ️ Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга давлат ташрифи мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган 1992 йилнинг январь ойидан буён амалга оширилган биринчи давлат ташрифи бўлди. 2024 йил июнь ойида Мўғулистон раҳбари илк бор худди шундай ташриф билан Ўзбекистонга келганди.