
Ҳавонинг РМ2.5 майда заррачалари билан ифлосланиши ҳар йили Марказий Осиё мамлакатларида 65 000 дан ортиқ бевақт ўлимга сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммодан келиб чиқадиган иқтисодий зарар йилига 15,2-21,7 миллиард долларни ташкил этади, бу эса минтақа ялпи ички маҳсулотининг 3-5 фоизини ташкил қилади. Мазкур маълумотлар Жаҳон банкининг «Марказий Осиёда ҳаво сифатини бошқариш» ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботда минтақанинг барча мамлакатларида, айниқса, шаҳарларда ҳаво сифати жиддий ташвиш туғдираётгани таъкидланган. Минтақанинг йирик шаҳарларида РМ2.5 майда заррачаларининг ўртача йиллик концентрацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) стандарти 5 мкг/м³ дан 6-12 баравар юқори. Ифлосланишнинг асосий манбалари — турар-жой секторида, автомобил транспортида, саноатда қаттиқ ёқилғининг ёнишида, шунингдек, табиий чанг ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Қозоғистонда (Олмаота, Остона) РМ2,5 нинг ўртача йиллик концентрацияси 30 мкг/м³ дан ошади. Асосий манбалар — уй-жойларни кўмир билан иситиш, автомобил чиқиндилари ва саноат. Тупроқ ва чўл чанглари умумий РМ2,5 даражасининг 20-30% ни ташкил қилади. Умуман олганда, ифлосланишнинг 65 фоизи ички манбалар, тахминан 5 фоизи эса трансчегаравий ҳаво оқими ҳисобига тўғри келади.
Қирғизистонда (Бишкек) РМ2,5 нинг ўртача йиллик концентрацияси тахминан 32,5 мкг/м³ ни ташкил қилади. Асосий ҳисса турар-жой биноларида, айниқса, шаҳар атрофидаги жойларда кўмир ва биомассани ёқилишига тўғри келади. Автотранспорт воситаларининг ҳиссаси 26% га етади. Тупроқ ва чўл чанглари ифлосланишнинг тахминан 30% ни ташкил қилади. Ифлосланишнинг 48% ички манбалар, 22% трансчегаравий оқимлар ҳиссасига тўғри келади.
Тожикистон (Душанбе) энг юқори РМ2,5 концентрациясига эга бўлиб, ўртача 54,6 мкг/м³. Уй-жойларда қаттиқ ёқилғининг ёниши асосий ҳисса (42%) бўлиб, чиқиндиларнинг кўп қисми шаҳар атрофидаги ҳудудлардан келади. Автотранспорт воситалари ва шаҳар чиқиндилари камроқ ҳисса қўшади (мос равишда 15% ва 12%). Тупроқ ва чўл чанглари ифлосланишнинг тахминан 25% ни ташкил қилади. Ифлосланишнинг 53 фоизини ички манбалар, 17 фоизини трансчегаравий оқимлар ташкил қилади.
Туркманистонда (Ашхобод) ўртача йиллик РМ2,5 концентрацияси бошқа минтақалар пойтахтларига қараганда пастроқ, тахминан 19,2 мкг/м³. Ваҳоланки, бу ерда ҳаво ифлосланишининг 80% дан ортиғи табиий чанглар ҳисобига тўғри келади, антропоген манбалар умумий ифлосланишнинг атиги 8% ни ташкил этади, бу эса мамлакатни минтақавий контекстда ажратиб туради.
Ўзбекистонда (Тошкент) ўртача йиллик РМ2,5 концентрацияси 40,3 мкг/м³ ни ташкил қилади. Асосий манбалар — турар-жой секторида қаттиқ ёқилғида иситиш ва автомобил чиқиндилари. Тупроқ ва чўл чанглари ифлосланишнинг тахминан 30% ни ташкил қилади. Ифлосланишнинг 53 фоизини ички манбалар, 14 фоизини трансчегаравий оқимлар ташкил қилади.
Минтақанинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош марказий қисмида трансчегаравий ифлосланиш оқими кучли.
Жаҳон банки экспертлари Марказий Осиё мамлакатларига кўмир иситишни газ ёки марказлаштирилган иситиш билан алмаштиришни, транспортда замонавий экологик стандартларни жорий этишни, ҳаво мониторингига сармоя киритишни ва ЖССТ стандартларига мувофиқ стандартларни янгилашни тавсия қилади. Трансчегаравий ифлосланишга қарши курашиш ва ҳаво сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини жорий этиш бўйича минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилади.