Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳисобига 18 та тармоқни автоном электр таъминоти тизимига ўтказишни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда 23 июнь куни мамлакатнинг йирик саноат корхоналарини «яшил» энергия билан таъминлаш чора-тадбирлари тақдимотида сўз юритилди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Яқин йилларда Ўзбекистонда «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда: 2025 йил охирига қадар 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси, шунингдек, 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилади. Ушбу объектларга сармояларнинг умумий ҳажми 5 миллиард доллардан ошади ва уларнинг умумий қуввати йилига қарийб 9 миллиард кВт/соатни ташкил қилади. Бундан ташқари, умумий қиймати 7,2 миллиард долларлик яна 11 та лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланади.
Электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга, ундан самарали фойдаланишга ҳам катта эътибор қаратиш лозим, деди президент. У йўқотишларни камайтириш ва энергия тежовчи ускуналарни, айниқса, йирик саноат объектларида жорий этиш вазифасини қўйди. Мамлакатда жами электр истеъмолининг учдан бир қисми 18 та тармоққа тўғри келади.
Масалан, сув хўжалигидаги насосларга йилига 6,5 миллиард киловатт соат электр сарфланяпти. Шу боис 12 та йирик насосни модернизация қилиб, ҳар бирига 75-100 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 50 мегаваттли сақлаш қурилмаси ўрнатиш вазифаси белгиланди. Натижада насосларнинг электр сарфи йилига 2 миллиард киловатт-соатга камайиб, 4,5 миллиард киловаттга тушади.
Нефть-газ корхоналарида ҳам 240 мегаваттли қуёш станцияси ва 300 мегаваттли сақлаш қурилмалари ўрнатиб, камида 600 миллион киловатт-соат электр олиш имконияти бор.
Йиғилишда электр истеъмоли юқори 18 та тармоқни ўзини ўзи энергия билан таъминлайдиган тизимга ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ижтимоий муассасаларда қуёш энергиясидан фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
ℹ️ Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 41 миллион кишидан ошади, иқтисодиёт эса 200 миллиард долларга етади. Бу энергия қувватини сезиларли даражада оширишни талаб қилади, шунинг учун ҳозирда мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбалари фаол жорий этилмоқда ва кенгайтирилмоқда. Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда «яшил» энергетикага қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиард кВт/соатдан 82 миллиард кВт/соатга ошди.