Америка ҳарбий-ҳаво кучлари Эронга зарба берган куни АҚШ Давлат департаменти Ашхобод билан алоқага чиқди

kun.uz сайти фотосурати

22 июнь куни Америка томони ташаббуси билан Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Рашид Мередов ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркманистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ядровий иншоотларини оммавий бомбардимон қилган куннинг ўзида бўлиб ўтди. Бироқ телефон суҳбати қачон бўлганига аниқлик киритилмаган – ҳужумдан олдинми ёки кейин.

«Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилдилар. Хусусан, Яқин Шарқдаги мавжуд вазият ва бу борадаги қатор гуманитар масалаларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашдилар», — дейилади хабарда.

Туркманистон нейтрал давлат сифатида «яқин Шарқдаги мавжуд вазиятни энг кенг кўламли дипломатик воситалар ва усуллардан фойдаланган ҳолда ҳал қилишда иштирок этишга» тайёрлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон Эрон билан 1148 км чегарага эга. Эрон-Исроил можароси бошланганидан буён мамлакат гуманитар марказ вазифасини бажариб, Эрондан келаётган чет эл фуқароларига ўз ҳудудига киришига рухсат берди. Туркманистон назорат-ўтказиш пунктлари Марказий Осиё давлатлари, Россия, Корея, БАА, Саудия Арабистони, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Германия, Швейцария, Дания, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан 2000 дан ортиқ фуқарони қабул қилди.

Бундан ташқари, Эрон осмони ёпилганидан сўнг авиакомпаниялар можаро томонлари ҳудудларини четлаб ўтиш йўлларини қидирмоқда, шу боис Туркманистон ҳаво ҳудудида ҳам фаоллик кучайган.

ℹ️ 22 июнга ўтар кечаси АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг учта ядровий марказига — Фордо, Натанз ва Исфахонда зарба берди. АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳужумни «Америка Қўшма Штатлари, Исроил ва бутун дунё учун тарихий лаҳза» деб атади. У Эрон томонидан АҚШга қарши ҳар қандай жавоб зарбаси «жуда катта куч билан кутиб олиниши» ҳақида огоҳлантирди.

ℹ️ 13 июнга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) кенг кўламли «Уйғонган шер» операциясини бошлади, ушбу операция доирасида ҳаво кучлари ҳарбий объектлар ва Эрон ядровий дастури объектларига зарбалар берди. Оқибатда Эроннинг бир неча юқори мартабали ҳарбий хизматчилари, жумладан Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ва ИИҚК қўмондони, шунингдек, қатор ядро соҳаси олимлари ҳалок бўлди. Эрон бунга жавобан «Ҳақиқий ваъда 3» операциясини бошлади ва Исроилдаги нишонларни бомбардимон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ