Туркиялик сиёсатчи парламент минбаридан туркман фаолларини депортация қилишни тўхтатишга чақирди

Омер Фарук Гергерлиўғли. Матбуот анжумани ёзувидан лавҳа.

Туркия парламенти депутати ва ҳуқуқ ҳимоячиси Омер Фарук Гергерлиўғли туркман фаоллари Абдулла Орусов ва Алишер Сахатовни депортация қилишни тўхтатишга чақирди. Сиёсатчи бу ҳақда матбуот анжуманида айтди ва унинг видеосини YouTubeда эълон қилди.

40 дақиқалик нутқи давомида сиёсатчи журналистларга Орусов ва Сахатов суратини кўрсатиб, уларнинг ватанига депортация жараёнини тўхтатиш талабини қўйди.

«Туркманистонда демократия йўқлигини бутун дунё билади. Туркия эса туркман мухолифатчиларини қайтаради, депортация марказига жойлаштиради. Агар одамлар Туркманистонга экстрадиция қилинса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади. Бунга имкон қадар тезроқ чек қўйиш керак», — дейди Гергерлиўғли.

Turkmen.news хабар беришича, матбуот анжумани Туркия парламентида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари муҳокамасига аталган. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг айрим сиёсий рақиблари ва мамлакат фуқаролари уни заиф деб ҳисоблашган. Гергерлиўғли суд-ҳуқуқ ва жазони ижро этиш соҳасидаги ишларнинг ҳақиқий аҳволига эътибор қаратишга ва ислоҳотларнинг кейинги босқичида ўзгаришлар киритилишига эришишга қарор қилди.

ℹ️ Туркманистондаги муаммолар ҳақида машҳур блоглар юритган Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов 28 апрель куни Туркиянинг Синоп шаҳрида қўлга олиниб, Анқарадаги депортация марказига олиб кетилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинганларнинг Туркманистонга экстрадиция қилиниши, улар судга тортилиши ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигидан хавотир билдирган. Май ойи бошида Туркия ҳукумати Орусов ва Сахатовни халқаро ҳимоядан расман рад этди. Улар рад этиш юзасидан апелляция беришди, бироқ Туркия қонунлари уларни суд қароригача депортация қилишга рухсат беради.

Туркман Хельсинки фондига кўра, чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисидаги қонуннинг 54-моддаси d ва i бандлари асосида уларни Туркманистонга депортация қилмоқчи. Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Туркманистондаги қийноқлар ва адолатсиз суд жараёни хавфи туфайли Туркия ҳукуматини уларни депортация қилмасликка чақирди.

Бироқ, Туркия фаолларни экстрадиция қилишда Туркманистон билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Сўнгги йилларда бир неча туркман мухолифат фаоллари Туркиядан ўз ватанларига депортация қилинган, кейинчалик улар шафқатсиз таъқибларга учраган. Улар орасида Фарҳод Мейманқулиев, Ровшен Кличев, Сердар Дурдилев, Мердан Муҳамедов ва бошқалар бор. Баъзи фаолларнинг депортациядан кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Мейманқулиев ватанида 22 йилга озодликдан маҳрум этилган.

ℹ️ Омер Фарук Гергерлиўғли Туркиядаги курдлар ва бошқа этник озчиликлар ҳуқуқларини, шунингдек, бошқа инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий тенгликни ҳимоя қилувчи сўл қанот Халқ Тенглик ва Демократия Партиясини (DEM) вакили. DEM) ҳокимият томонидан таъқиблар туфайли ўз мавқеини йўқотган яшил сўллар партияси ва Халқ демократик партиясининг вориси ҳисобланади. Гергерлиўғлининг ўзи 2018 йили ҳибсга олинган ва 2021 йили курдпараст баёнотлари туфайли депутатлик мандатидан маҳрум қилинган, бироқ Конституциявий суд уни парламентга қайтаришга қарор қилган. Сиёсатчи маҳбуслар ва диссидентлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ