Ўзбекистон пойтахти марказидан Янги Тошкент мавзесигача бўлган метро линиясини қуришн режалаштирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Тошкент шаҳрида режалаштирилган қурилиш ва жамоат транспорти лойиҳалари тақдимоти билан танишаётганда шу ҳақда сўз юритилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Аниқланишича, у ҳозирги «Дўстлик» метро бекатидан бошланиб, янги марказгача боради. Узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат бўлиши кутилаётган бу метро кунига 230 минггача йўловчиларни қамраб ололади.
Давлат раҳбарига аввал эълон қилинган метро тизимини Тошкент трактор заводи ҳудудигача кенгайтириш лойиҳаси ҳам атрофлича тақдим этилди. Ишларни икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг «Пушкин» бекатидан Тошкент ҳалқа йўлигача ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳасининг шоҳ бекатигача ерости йўли барпо этилади.
Шунингдек, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида мазкур темир йўлни Тошкент ҳалқа йўли остидан ўтказиш назарда тутилмоқда. Ерости йўналиши ҳам кўчадаги ҳаракатни тўхтатмаган ҳолда қурилади. Бу янги метро йўли 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.
Кўп қаватли уйлар ва йирик савдо объектлари қурилишида пойтахт ҳокимияти хавфсизлик масалаларига катта эътибор қаратмоқда. Шу муносабат билан Мирзиёевга янги биноларнинг замонавий талабларга мувофиқлиги қайта-қайта таҳлил қилингани ҳақида маълумот берилди. «ЎзГАШКЛИТИ», Фанлар академияси Сейсмология институти, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, санитария-эпидемиология каби 10 га яқин ташкилотнинг илмий-техник хулосалари олинган. Янги талабга кўра, кўп қаватли биноларнинг зилзилага бардошлилиги 9 баллдан кам бўлмайди. Ҳар бир шундай лойиҳа бўйича йиғма хулосалар қилинади.
Бошқа лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Масалан, Чилонзор туманида 160 мегаваттли янги подстанция қурилиши режалаштирилган. Бу орқали шу ҳудуддаги бўлажак лойиҳалар учун қўшимча қувват пайдо бўлади, ҳозирги тармоқларга юклама тушмайди.
Шунингдек, ушбу туманда 20 минг метр куб сиғимга эга сув резервуари барпо этилиши мўлжалланган. Натижада Шайхонтохур, Чилонзор ва Учтепа туманларида ичимлик суви таъминоти узлуксизлиги таъминланади. Кунига қарийб 8 минг киловатт соат электр тежалади.