Тўқаев: Хитой ҳеч қачон сиёсий шартлар қўймайди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остонада Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан музокаралар чоғида Хитойни Қозоғистоннинг яхши қўшниси, яқин дўсти ва ишончли ҳамкори деб атади, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

«Муштарак тарихимизни синчиклаб ўргансангиз, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар доимо дўстлик ва ҳамкорликка асосланган, ҳеч қандай тўқнашувлар ва тўсиқларсиз қурилганини кўришингиз мумкин. Улар ҳамиша ўзаро ҳамжиҳатлик ва яхши ният билан ажралиб туради. Хитой халқи ҳеч қачон қозоқ халқига зиён етказмаган», — дейди Тўқаев.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги муносабатлар геосиёсий муаммолар ва тўнтаришлар, шунингдек, халқаро вазиятнинг салбий таъсирига дучор эмас.

«Хитой Қозоғистон билан ҳамкорликда ҳеч қачон бирор бир сиёсий шарт қўймайди. Биз суверенитетимиз ва хавфсизлик кафолатларимизни доимий қўллаб-қувватлаётганингизни қадрлаймиз. Биз Хитойнинг тинчликсевар ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз ва адолатли дунё тартибини барпо этишда мамлакатингиз муҳим ролини юқори баҳолаймиз», — дея қўшимча қилган Тўқаев.

У Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори эканини эслатди. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражадаги 44 миллиард долларга етган. Қозоғистон раҳбари атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликка ҳам эътибор қаратган.

«Биз Қозоғистонда бир неча, камида икки ёки учта АЭС қуришга қарор қилдик. Бу муҳим лойиҳада йирик компаниялар иштирокини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қозоғистон Республикасининг Атом энергияси бўйича агентлиги ташкил этилган. Айниқса, Хитойнинг CNNC компаниясини АЭС қурилиши лойиҳасида ишончли стратегик ҳамкор деб билишимизни таъкидламоқчиман. Қолаверса, Қозоғистон Хитойга ишончили табиий уран ва ядро ёқилғиси етказиб берувчиси ҳисобланади», — деди у.

Си Цзиньпин 16 июнь куни Остонага келди. Хитой Халқ Республикаси раиси Тўқаевнинг таклифига биноан Қозоғистонда икки кун бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ