Туркманистон Эрон-Исроил можароси фонида гуманитар хабга айланмоқда

Туркманистон-Эрон чегараси. inbusiness.kz сайти фотосурати

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашганидан сўнг Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа давлатлардан 120 га яқин чет эл фуқаролари Эрон-Туркманистон чегарасини кесиб ўтган. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

«Яқин Шарқдаги мавжуд вазият муносабати билан Туркманистон хорижлик дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, ҳозирда Эронда бўлган бошқа фуқароларнинг кириши учун ўз ҳудудини зудлик билан тайёрлаш чораларини кўрмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа мамлакатлардан 120 га яқин фуқаро Туркманистон давлат чегарасини назорат-ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтган. Келганлар меҳмонхоналар, транспорт воситалари ва зарур озиқ-овқатлар билан таъминланди», — дейилади хабарда.

Хорижликлар Туркманистонга визасиз кирган-кирмаганлиги аниқланмаган.

Бирлашган Араб Амирликларининг Туркманистондаги элчиси Аҳмад Ал-Ҳай Ҳамад Хамис Ал-Ҳамели республикага «2025 йил 13 июнь куни (Исроилнинг Эрондаги ҳарбий операцияси бошланган кун — «Фарғона» изоҳи) Ашхобод халқаро аэропортида БАА авиакомпанияларининг қатор парвозлари мажбурий тўхтатилиши муносабати билан Туркманистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган эзгу ҳамкорлик ва инсонийлик ёрдами учун» миннатдорчилик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 13 июнь куни Туркманистон Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётганидан расман хавотир билдирган ва «сиёсий ва бошқа масалаларни ҳал қилиш йўли сифатида куч ишлатиш ёки ундан фойдаланиш таҳдидини қабул қилмаслигини» маълум қилган ва муаммоларни БМТ Низоми ва умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган эди. Эртаси куни республика Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Рашид Мередов Эрон элчиси билан учрашган ва унда Туркманистон ҳар қандай масалаларни куч ишлатиш билан ҳал қилишга қарши эканини маълум қилган. Ўз навбатида, Эрон элчиси Али Можтаба Рузбеҳоний туркман томонини минтақада содир бўлаётган воқеалар бўйича Эрон позицияси билан таништирган ва Туркманистон ҳудуди орқали минтақадаги қўшни давлатлардан бирига ташрифдан сўнг ватанига қайтган «Эрон расмий делегациясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун» миннатдорчилик билдирган.

ℹ️ 13 июнга ўтар кечаси Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) кенг кўламли «Уйғонган шер» операциясини бошлади, унинг доирасида Ҳарбий ҳаво кучлари Эроннинг ҳарбий ва ядровий дастурини объектларига зарбалар берди. Оқибатда Эроннинг юқори мартабали ҳарбий хизматчилари, жумладан, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ва ИРҚК қўмондони, шунингдек, қатор ядро олимлари ҳалок бўлди. Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий фуқароларга мурожаатида Эронга зарба берилишини жиноят деб атади ва Исроилни «аччиқ ва даҳшатли қисмат» кутаётганини айтди. Исроилдаги ҳарбий нишонларга қарши «Тўғри ваъда 3» операцияси эълон қилинди. 16 июнь ҳолатига кўра, ўзаро отишмалар давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ