«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти (RSF) Kloop операторларини зудлик билан озод қилишга чақириб, ҳибсга олишларни мустақил журналистикани бостириш кампаниясининг бир қисми деб атаган.
«Процессуал қонунбузарликлар, асоссиз мусодаралар, айбни мажбуран тан олишлар, туҳмат ва бўҳтон кампаниялари Қирғизистон ҳукумати томонидан «Клооп» журналистларининг овозини ўчириш учун қўлланаётган уятли усуллардир. Бундай ҳаракатлар тўхтатилиши керак. RSF мустақил журналистларни қўрқитишга қаратилган бу уринишни кескин қоралайди ва президент Садир Жапаровни Александр Александров ва Жоомарт Дуулатовни зудлик билан озод қилишга чақиради», — дейди Жанна Кавелье, RSFнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари.
«Клооп» ҳаммуассиси Ринат Тухватшин таҳририятнинг собиқ ва амалдаги ходимларининг ҳибсга олинишини «одамларни ўғирлаш» деб атайди. Унинг сўзларига кўра, ходимлар 28 ва 29 май кунлари Жиноят кодексини бузган ҳолда ўтказилган тинтувлардан бир неча соат ўтиб ғойиб бўлишган: уларга оила аъзоларига хабар бериш ёки адвокат чақириш имконияти берилмаган. Ҳибсга олинган беш нафар журналист кейинроқ қўйиб юборилган, бироқ ошкор қилмаслик тўғрисидаги тилхат билан ва «Клооп» маълумотларига кўра, баъзилари хавфсизлик кучлари томонидан суратга олинган «узр сўраш»га мажбур бўлишган. Шу билан бирга, тинтувлар чоғида олиб қўйилган мобил телефонлар, иш компьютерлари ва микрофонлар ҳамон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тасарруфида.
ℹ️ 30 май куни ёпиқ суд мажлисидан сўнг Александр Александров ва Жоомарт Дуулатов (иккинчиси ҳозирда нашрда ишламайди) ҳибсга олинди. Уларга «оммавий тартибсизликларни қўзғатиш» айби қўйилган. Расмийлар уларни ва Kloopнинг озод қилинган уч ходимини 2022 йилдан бери қувғинда бўлган терговчи журналист Болот Темиров томонидан молиялаштирилганликда ҳам очиқ айбламоқда.
29 май куни Президент Администрацияси матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида Темиров уларни Ғарб грантлари ҳисобидан молиялаб, ёлғон суриштирув ўтказишга ва махсус буюртма асосида ишлашга мажбурлаганини ёзган. Kloop асосчиси Ринат Тухватшин бу даъволарни қатъиян рад этган.