Сингапурнинг Humans компанияси Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро судга мурожаат қилди

kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile Ltd компанияси Марказий Осиёнинг ушбу республикаси ҳукуматига қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Ариза Жаҳон банкининг Инвестицион низоларни ҳал қилиш халқаро маркази томонидан қабул қилинган ва 30 май куни маълумотлар базаси рўйхатидан ўтказилган, дейилади даъвогарнинг пресс-релизида.

Ҳужжатда 2003 йил 15 июлда имзоланган Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим қоидалари бузилгани иш юритиш учун асос бўлганлиги қайд этилган.

Шу тариқа, Humans бир қатор давлат идораларининг хатти-ҳаракатлари натижасида компанияга етказилган зарарни қоплаш ниятида.

Шу билан бирга, ишбилармонлар Ўзбекистонга ва унинг фуқароларига ишонишда давом этишини, республика президентининг иқтисодиётни модернизация қилиш, уни рақамлаштириш, тадбиркорлик эркинликларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларидан қойил эканини таъкидлайди. Humansнинг қўшимча қилишича, ислоҳот йўлида эркин бозор яратишга путур етказаётганлар бор, бироқ компания Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги ва бюрократия ўзбошимчаликларисиз ўзгариши тарафдори.

Humans Group бош директори Владимир Добринин қўшимча қилишича, арбитраж суди — инвесторларга ўз манфаатларини қабул қилувчи мамлакатлар томонидан адолатсиз муносабатда бўлишдан ҳимоя қилиш имконини берувчи кенг тарқалган воситадир.

«Бизнинг позициямиз шундан иборатки, етказилган зарар қопланиши, тафтишлар эса тадбиркорликни адолатли, башоратли тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш тамойилларини мустаҳкамлаш йўлидаги қадам бўлиши керак», — дейди компания раҳбари.

Kun.uz хабарига кўра, жорий йил 8 май куни Humans компанияси «Ўзбектелеком» АК устидан Ўзбекистон Рақобат қўмитасига ариза билан мурожаат қилиб, монополияга қарши қонунчиликни бузган давлат корхонасига нисбатан иш қўзғатишни сўраган. Таъкидланишича, компания фаолияти алоқа оператори инфратузилмасига боғлиқ бўлиб, у Интернетнинг бозор нархлари пасайганига қарамай, тарифларини ўзгартирмаган. Humans бундай қадамни бозордаги ҳукмронлик мавқеини суиистеъмол қилиш деб ҳисоблайди.

Натижада тадбиркорлар мижозларга кўрсатилаётган хизматлар нархини пасайтиришга мажбур бўлишган, шу сабабли Ўзбекистонда бизнес зарарга ишлай бошлаган. Бундан ташқари, «Ўзбектелеком»дан қарзлар йиғилиб қолган. Маълумки, ўтган йили акциядорлик жамияти Humansга 532 миллиард сўм (41,4 миллион доллар) қарзни тўлаш талаби билан мурожаат қилганди.

ℹ️ Humans Group — АҚШ, Ўзбекистон, Польша, Сингапур ва Германияда офислари мавжуд рақамли хизматларнинг халқаро экотизимидир. Гуруҳ таркибига Humans.uz лойиҳаси киради – бу молиявий техник хизматлар, мобил алоқа, маркетлейс ва бозорлардан озиқ-овқат етказиб беришни ўзида бирлаштирган иловадир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ